«Poytaxt bank»га янги раҳбар тайинланди
Банкнинг аввалги бошқарув раиси Дилшод Пўлатов апрел ойида лавозимидан озод этилганди.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026 йил 30 апрелда бўлиб ўтган Кузатув кенгашининг 4-сонли йиғилиши қарорига мувофиқ, Феруз Икромович Азимов «Poytaxt bank» АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди. У банкни келаси уч йил давомида бошқаради.
Феруз Азимов 1988 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. У 2009 йилда Самарқанд давлат университетини, 2024 йилда эса Банк-молия академияси магистратурасини иқтисодиёт йўналиши бўйича тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини 2009 йилда «Asakabank» АЖ Самарқанд вилояти филиалида бошлаган. Кейинчалик банкнинг Самарқанд вилояти ва Афросиёб филиалларида турли масъул лавозимларда ишлаган. Хусусан, Валюта ва носавдо амалиётлари бўлимига раҳбарлик қилган.
Феруз Азимов 2019 йилдан буён Марказий банк тизимида фаолият юритиб келаётган эди. Бу даврда у бош иқтисодчи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ва бошқарма бошлиғи каби лавозимларда ишлади.
2022 йил октябридан эса Валютани тартибга солиш ва тўлов баланси департаменти директори ўринбосари — валюта оқимлари таҳлили бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган.
Шу билан бирга, «Poytaxt bank» ташкилий тузилмасига бошқарув раиси биринчи ўринбосари лавозими ҳам киритилди. Мазкур вазифага Даврон Исроилов, бошқарув раиси ўринбосари лавозимига эса Шаиг Газиев тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, банкнинг аввалги раҳбари Дилшод Пўлатов 2025 йил сентябрида мазкур лавозимга тайинланган бўлиб, 2026 йил апрел ойида вазифасидан озод этилган эди.





