Пойтахтдаги дўкон пешлавҳалари нега олиб ташланмоқда?

Кеча 17:157 дақиқа

Тошкентда ноқонуний ташқи рекламага қарши рейдлар ўтказилмоқда. Шу йилнинг февралига келиб, бу жараён янада тезлашди. Тармоқларда эса тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видеолар тарқалди.



2025-йил апрел ойидан бошлаб Тошкентда ноқонуний ташқи рекламага қарши рейдлар ўтказилмоқда.

Шу йилнинг февралига келиб, бу жараён янада тезлашди. Шаҳар маъмурияти бундай реклама турига пешлавҳаларни ҳам киритмоқда. Бундан ташқари, баннерлар ва бошқа реклама конструкциялари ҳам демонтаж қилинмоқда.

Бу чоралар реклама бозорида тартиб ўрнатиш ҳамда пойтахтда ягона дизайн кодига амал қилинган ташқи рекламаларга ўтиш жараёни билан изоҳланмоқда.

Рейдлар натижасида айрим кўчалардаги қатор дўконлар пешлавҳасиз қолган. Ижтимоий тармоқларда эса тадбиркорларнинг ушбу ҳолатдан норозилиги акс этган видеолар кенг тарқалди. Ҳатто, айрим дўкон эгалари янги пешлавҳаларни қандай тартибда ва қайси қоидаларга мувофиқ ўрнатиш мумкинлиги ҳақида ҳам етарли тушунчага эга эмас.

Vaqt.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида пешлавҳаси олиб ташланган дўкон эгалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаментининг масъул ходимига микрофон тутди. Шунингдек, фикр етакчиларининг ҳам бу борадаги қарашлари ўрганилди.

Тадбиркорлар нимадан норози?

Aксарият тадбиркорларга кўра, уларга пешлавҳалар олиниши бўйича олдиндан ҳеч қандай расмий огоҳлантириш берилмаган.

«Бизнинг реклама пешлавҳаларимиз ҳеч қандай огоҳлантиришсиз олиб кетилди. Ҳеч бўлмаганда бир ой олдин хабар беришлари керак эди — яъни демонтаж қилиниши ҳақида. Ахир бу харажатларнинг барчасини тадбиркорлар ўз ҳисобидан амалга оширади. Биз зарарни қоплаб беришни талаб қилмаяпмиз, лекин олдиндан огоҳлантириш бўлиши шарт эди. Шунда реклама пешлавҳамизни ўзимиз ечиб олишимиз мумкин бўлар эди. Ҳозир эса уларнинг қаердалигини ҳам билмаймиз.

Қолаверса, айрим жойларда пешлавҳалар олиб ташланган, бошқаларники эса қолиб кетган — бу нимага боғлиқ эканини тушунмадик. Кимгадир имтиёз берилгандек таассурот уйғонади.

Яна бир масала — энди пешлавҳа учун ҳар ой тўлов қилиниши айтилди. Бу ҳақда ҳам олдиндан ҳеч қандай маълумот берилмаган», дейди у.

Яна бир тадбиркор эса ўзининг Instagram саҳифасида жойлаган постида ҳолат юзасидан ҳеч қандай изоҳ берилмай, пешлавҳалар бузиб ташланаётганини, бундай шароитда эса бизнес юритиш тобора мураккаблашиб бораётганини таъкидлаган.

«Кўчадаги барча ташқи реклама ва пешлавҳалар йиғиб олиб кетилмоқда, устига-устак бузиб ташланмоқда. Сабабини сўрасак, ҳеч ким аниқ жавоб бермайди. Ахир биз ноқонуний иш қилмаяпмиз-ку — нега реклама ечиб олиниши тушунтирилмайапти.
Шунда савол туғилади: мақсад нима — пул йиғишми ёки тадбиркорларни қийнaшми? Биз барча харажатларни ўзимиз қоплаймиз, аммо шунга қарамай янги талаблар қўйилмоқда. Бундай шароитда ишлаш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда», дейди у.

Айрим тадбиркордар давлат интерактив хизматлари порталига реклама учун паспорт олишга ариза ташлангани ва аризаси белгиланган вақтда кўриб чиқилмаётганини ҳам айтишди.

Жамоатчилик етакчилари фикри

Мазкур вазиятга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб сайланган, Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Бобур Бекмуродов ҳам муносабат билдирди.

«Бу, албатта, ноқонуний ҳаракат. Чунки шаҳар кенгашининг қарори ҳали кучга кирмаган. Демонтажлар эса бир неча ой олдин бошланган, яъни ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ҳаракатлар амалга оширилган. Биз зудлик билан барча давлат идоралари ва ҳокимлик вакилларини бундай ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз ҳамда “бор пешлавҳани икки кунда алмаштириб кел” каби амалиётларни бекор қилишни талаб қиламиз. Тадбиркор бу буйруқбозлик билан муомала қиладиган субъект эмас; у ҳамкор, шерикдир. Шу сабабли барча муаммоларга фақат мулоқот орқали ечим топиш лозим», дейди у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров муносабат билдириб, ҳукмрон партия ва сенаторларимиз амалдорларга ўзбилармон сўров юбориш ўрнига, уларни парламентга чақириши кераклигини таъкидлади.

«Билмайман, депутат ва сенаторларимиз бузувчи ва узувчи амалдорлар Конституциянинг кафолат нормаларига дахл қилишаётганини тушунишмоқдами? Агар тушунишганида бу фавқулодда ҳодиса эканини англаб, тийиқсиз амалдорларга сўров жўнатиб, жавоб кутиб ўтирмай, уларни парламент гиламига чақирган, жонли эфирда ҳисобот сўраган ва зўравонликни тўхтатишни талаб қилишган бўлишарди. 

Жаноб депутатлар ва сенаторлар яна билишлари керакки, ҳоким-у вазирлар айнан сизларга ҳисобдор, акси эмас», дейди Бакиров.

Шаҳарсозлик ва урбанизация бўйича мутахассис Искандар Солиевга кўра, пешлавҳа ва реклама баннерларини тартибга солиш — яъни уларни қаерга, қандай шаклда ва қандай материаллардан фойдаланиб ўрнатишни белгилаш — ижобий амалиёт ҳисобланади. Чунки бундан кўзланган мақсад шаҳар муҳитини яхшилашдир.

«Бу нафақат эстетик жиҳатдан, балки иқтисодий томондан ҳам фойдали. Кўчалар визуал чиқиндидан тозаланади, шаҳар кўриниши янада тартибли ва жозибадор бўлади. Натижада ўша ҳудудлардаги тижорат нуқталарининг ҳам жозибаси ортади: одамлар бундай жойларда кўпроқ сайр қилишни, вақт ўтказишни истайди. Яъни шаҳар муҳитининг визуал тозалиги ошади» дейди Солиев.

Унинг сўзларига кўра асосий муаммо айрим ҳолларда пешлавҳалар тадбиркорлар огоҳлантирилмасдан, мажбуран ечиб ташланаётганида.

«Айрим пешлавҳалар ҳужжат жиҳатдан тўлиқ расмийлаштирилмаган бўлиши мумкин, аммо дизайн нуқтаи назаридан улар дизайн-код талабларига мос келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга қарамай, уларни огоҳлантиришсиз бир хил тарзда олиб ташлаш тўғри ёндашув эмас.

Бу жараён аниқ қонуний тартиб асосида амалга оширилиши керак. Қарор кучга киргач, тадбиркорларга мослашиш учун маълум муддат берилиб, шу вақт ичида дизайн-код талаблари, пешлавҳаларни қандай ўзгартириш ва рухсатнома олиш тартиби ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши лозим. Шундагина тартибга солиш жараёни адолатли ва самарали бўлади», — дейди Искандар Солиев. 

Масаланинг ҳуқуқий томони

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатовага кўра, қонунчилик маҳаллий ҳокимликларга шаҳар кўринишини тартибга солиш ваколатини беради. Шаҳарсозлик кодексининг 58-моддасига кўра, ҳокимликлар ҳудудларни қуриш ва безаш бўйича қўшимча талаблар белгилаши мумкин.

Бу талаблар фақат бинолар қурилишига эмас, балки реклама, пешлавҳа ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштириш тартибига ҳам тааллуқли. Яъни шаҳар ҳудудида қандай реклама бўлиши, қаерга қандай пешлавҳа қўйилиши — буларнинг барчаси маълум қоидаларга асосланади.

Энди пешлавҳа қачон оддий ёзув, қачон эса ташқи реклама ҳисобланади деган масала эса Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-февралдаги 104-сон қарори билан аниқ белгилаб қўйилган.

Агар пешлавҳа бинодаги ўрнатилган жойнинг 5 фоизидан катта бўлса ёки умумий ҳажми 1 метр квадратдан ошса, у оддий пешлавҳа эмас, балки ташқи реклама ёки ахборот конструкцияси сифатида баҳоланади.

Бундай реклама ёки пешлавҳани жойлаштириш учун эса реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиши керак. Бу ҳужжат реклама қаерга ва қандай ўрнатилишини тасдиқловчи рухсат ҳисобланади. Мазкур паспорт Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

Агар ташқи реклама ёки пешлавҳа шу паспортсиз ўрнатилган бўлса, у ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳолатларда аксилмонополия қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари тегишли қарор қабул қилади.

Шундан ҳам жараён конструкцияни дарҳол бузиб ташлаш билан бошланмайди. Аввал конструкция эгасига 10 иш куни вақт берилади — яъни у реклама ёки пешлавҳани ихтиёрий равишда олиб ташлаши мумкин.

Агар шу муддат ичида бу бажарилмаса, шундан кейингина маҳаллий ҳокимият органлари уни мажбурий тартибда демонтаж қилиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Мутасаддилар изоҳи

Ташқи реклама лойиҳа офиси раҳбар ўринбосари Сарвар Солижоновнинг изоҳига кўра, амалга оширилаётган ишнинг мақсади тадбиркорларга зарар етказиш эмас, балки ташқи рекламаларни тартибга келтиришдир.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Рақамли ривожланиш департаменти ва Ташқи реклама лойиҳа офиси Вазирлар Маҳкамасининг 428- ва 104-сон қарор талабларига мувофиқ фаолият юритади. Ҳозир шаҳар бўйлаб барча туманларда ушбу қарор талабларига биноан доимий назорат ўрнатилган. Аҳолидан тушаётган эътирозлар ўринли, аммо мақсад ҳамма пешлавҳа ёки рекламани олиб ташлаш эмас, балки уларни тартибга келтиришдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 31-августдаги 428-сон қарорига кўра, фуқаролар ва тадбиркорлар ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ариза топшириб, реклама ёки пешлавҳа учун рухсатнома олиши лозим», дейди у.

Маълумотга кўра, пешлавҳа юзаси бир метр квадратдан ошмаса уни бепул ўрнаниш мумкин. Агар объект 1 метр квадратдан катта бўлса, у ташқи реклама ҳисобланади ва унга реклама паспортини олиш талаб қилинади.

«Паспорт олингач, йиғим тўловлари ҳам белгиланади. Пешлавҳа ҳарф ёки логотип шаклида бўлиши мумкин. Масалан, логотипни бир квадрат метрдан ошмайдиган ҳолда жойлаштириш мумкин. Пешлавҳаларнинг рангини ҳам хоҳлаган тарзда танлаш мумкин — қизил, сариқ, оқ ва бошқа рангларда ёзиш рухсат этилади. Шу тарзда, тадбиркорлар ўз рекламаcини қонуний ва тартибли шаклда жойлаштира олади.

Ушбу реклама тўловлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорида белгиланган. Тўловлар реклама турига қараб фарқ қилади: масалан, автотранспорт рекламалари, пешлавҳалар ва ташқи чорраҳалардаги LED экранлар учун алоҳида тўловлар мавжуд. Ҳар бир турдаги реклама учун белгиланган йиғим миқдори ҳар хил», дейилади изохда.

Хуллас, тадбиркорлар ва масъуллар масалага турли томондан қарашмоқда. Шуниси аниқки, пойтахтда ягона дизайн кодига мувофиқ ташқи рекламаларга ўтишнинг зарурати бор гап. Шаҳарларимиз ортиқча визуал чиқиндилардан тозалангани яхши.

Бироқ муаммо бу жараён ура-урачилик билан, тадбиркор ва дўкондорларга етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилмасдан амалга оширилаётганида.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 33

Барчаси

Мавзуга оид