Президент капитал бозори ва банк ислоҳотларини жадаллаштириш вазифасини қўйди

16.12.2025 | 07:582 дақиқа

Президент Шавкат Мирзиёев капитал бозорини ривожлантириш ва банк соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Президент капитал бозори ва банк ислоҳотларини жадаллаштириш вазифасини қўйди

Шавкат Мирзиёев 15 декабр куни капитал бозорини янада ривожлантириш ҳамда банк соҳасида халқаро стандартларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, айни пайтда муомаладаги қимматли қоғозларнинг бозор қиймати 275 трлн сўмни ташкил этмоқда. Биржада эркин муомаладаги қимматли қоғозлар ҳажми 4 трлн сўмга етган, бозорда 717 та эмитент ва 77 та профессионал иштирокчи фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, капитал бозорининг капиталлашуви ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20 фоизни ташкил этиб, жаҳон кўрсаткичларидан анча паст экани таъкидланди.

Шу муносабат билан маҳаллий капитал бозорига камида 1 млрд доллар инвестиция жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида қимматли қоғозларни халқаро стандартлар асосида жойлаштириш — «дуал листинг» амалиётини жорий этиш, валюта облигациялари, глобал депозитар тилхатлар, хорижий қимматли қоғозлар ҳамда биржа инвестиция фондлари каби янги молиявий инструментларни ишга тушириш режалаштирилган.

Тақдимотда «тартибга солиш қумдони» ҳуқуқий режимини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу механизмни нафақат норезидентлар, балки резидентлар учун ҳам татбиқ этиш, хорижий инвесторлар учун уни муддатсиз амал қилдириш ҳамда чет эл компанияларининг акция ва облигациялари билан савдо қилишга рухсат бериш таклиф этилди.

Маҳаллий инвесторларни бозорга фаол жалб этиш мақсадида компания ва банкларга «Тошкент» фонд биржасида хорижий валютада облигациялар чиқаришга рухсат бериш орқали ташқи бозорга чиқмасдан туриб валюта маблағларини жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, таъминотсиз облигациялар чиқариш орқали облигациялар бозорини кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Банк соҳасидаги ислоҳотлар доирасида сўнгги етти йилда тижорат банклари активлари 5,3 баробар ўсиб, 877 трлн сўмдан ошгани, банклар сони 35 тага етгани қайд этилди. Ўзбекистон илк бор Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молиявий секторни баҳолаш дастурида иштирок этди.

Баҳолаш натижаларига кўра, келгуси йилда молия секторини Базель қўмитасининг самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилига тўлиқ мослаштириш, Базел III стандартларини жорий этиш ва Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш белгиланди.

Давлат раҳбари капитал бозори ва банк соҳасидаги ислоҳотлар иқтисодиётни барқарор молиялаштириш, хусусий сектор улушини ошириш ҳамда халқаро инвестицияларни фаол жалб этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид