Путин Қора денгиздаги газ қувурларига ҳужум бўлганини эълон қилди
2022 йилда Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» тизимида портлашлар содир бўлган эди.

Россия ҳукумати Қора денгиздаги «Турк оқими» ва «Мовий оқим» газ қувурларини портлатишга уриниш ҳақида маълумот олди, деди мамлакат президенти Владимир Путин ФХХ ҳайъати йиғилишида. У ушбу маълумотларнинг манбасига аниқлик киритмади, шунингдек, бошқа тафсилотларни ҳам келтирмади.
Путиннинг сўзларига кўра, Россиянинг рақиблари «ҳечам тинчлана олмаяпти». Рақиблари дипломатик музокараларда эришилган натижаларни бузиш учун турли провакацияларга қўл урмоқда.
Путин «рақиб ҳеч қандай воситадан ҳазар қилмайди», деб баёнот берди. У ОАВнинг «қандайдир ядровий компонентдан фойдаланиш нияти» ҳақидаги хабарларини эслатиб ўтди. «Бу нима билан тугаши мумкинлигини тушунишса керак», деб қўшимча қилди у.
Путин, шунингдек, Россияда терактлар сони кўпайганини маълум қилди ва улар учун масъулиятни Украина махсус хизматларига юклади. У ФХХга Мудофаа вазирлиги ва мудофаа-саноат мажмуасининг юқори мартабали ходимлари, ҳокимият вакиллари, жамоатчилик фикри етакчилари, журналистлар ва кўнгиллиларни ҳимоя қилишни кучайтиришни топширди. Шунингдек, Россия етакчиси «давлат чегарасини қўриқлаш бўйича жиддий қўшимча чоралар» кўриш бўйича топшириқ берди.
«Шимолий оқим» тизимида портлашлар
2022 йилда — катта Россия-Украина урушининг биринчи йилида — Болтиқ денгизи тубидан ўтувчи «Шимолий оқим» газ қувурлари тизимида портлашлар содир бўлган эди. Портлашларга бир гуруҳ украиналик офицерлар алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Портлашлар иши бўйича биринчи бўлиб қўлга олинган шахс Сергей Кузнецов бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, Кузнецов — Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ ходими ва Украина Қуролли Кучларининг истеъфодаги капитани. У 2025 йил август ойида Италияда қўлга олинган ва ишни олиб бораётган Германияга топширилган.





