Путин Хитойга ташрифи олдидан баёнот берди
Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи 19 ва 20 май кунлари бўлиб ўтади.

Россия Президенти Владимир Путин Пекинга сафари олдидан Хитой аҳолисига видеомурожаат йўллади. Видеоролик Кремл матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Мурожаатда Путин Хитой Халқ Республикаси фуқароларини қутлади ва Хитой Раиси Си Жипинга мамлакатга таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди.
«Азиз хитойлик дўстлар, сизни қутлайман. Кўп йиллик қадрдон дўстим, ХХР Раиси Си Жинпиннинг таклифига биноан Пекинга навбатдаги бор ташриф буюраётганимдан хурсандман», — деди президент.
Путин икки мамлакат вакилларининг мунтазам учрашувлари Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, у жорий йилда Россия ва Хитой ўртасида Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 25 йил тўлишини эслатиб ўтди.
Россия президентининг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми аллақачон 200 миллиард доллардан ошган. У, шунингдек, Россия ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар деярли тўлиқ рубл ва юан валюталарида амалга оширилаётганини қайд этди.
Бундан ташқари, Путин Россия-Хитой шериклигининг жаҳон майдонидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
«Россия ва Хитойнинг яқин стратегик ҳамкорлиги дунё майдонида муҳим барқарорлаштирувчи ролни ўйнайди. Шу билан бирга, биз кимгадир қарши дўстлик қилмаяпмиз, балки тинчлик ва умумий фаровонлик йўлида меҳнат қиляпмиз», — деди президент.
Ташриф тафсилотлари
Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи 19 ва 20 май кунлари бўлиб ўтади. Сафар давомида у Си Жинпин билан музокаралар ўтказишни режалаштирган. Учрашув якунлари бўйича томонлар шериклик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот имзолашни мақсад қилган.
Музокаралардан сўнг Россия ва Хитой 40 га яқин ҳужжат, жумладан, Путин ва СиЖинпин шахсан имзолайдиган 21 та келишувни қабул қилиши кутилмоқда.
Россия делегацияси таркибидан беш нафар вице-премьер, вазирлар, Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллина, губернаторлар, шунингдек, давлат корпорациялари, банклар ва йирик бизнес вакиллари жой олади.





