Қимматбаҳо тошлар айланмаси учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар ва тошларни ноқонуний айланмасига қарши кескин чоралар жорий этилди, такрорий қоидабузарликлар эса энди жиноят деб баҳоланади.
© ipeksicilt.com2026 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ–1138-сонли қонун билан қатор ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янги тартибга кўра, қимматбаҳо металлар ва тошларни ноқонуний равишда олиш ёки ўтказиш ҳолатлари учун жавобгарлик тизими аниқ белгилаб берилди.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга асосан, агар шахс аввал бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазога тортилган бўлса, кейинги ҳолатда у жиноий жавобгарликка тортилади. Бу эса ноқонуний айланмага қарши курашни кучайтиришга қаратилган муҳим чора ҳисобланади.
Жиноят кодексига қўшимча атама киритилди
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг VIII бўлимига «қимматбаҳо металлар» ва «қимматбаҳо тошлар» атамаларининг ҳуқуқий таърифи киритилиб, ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, қимматбаҳо металлар ва тошларни ноқонуний олиш ёки ўтказиш ҳолатларида улар мусодара қилиниши мумкин. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши белгиланган.
Маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима жазоси назарда тутилган.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди ва соҳадаги назоратни янада кучайтириши кутилмоқда.





