
Қўли узун давлат ходимлари, янги лавозимли Алламжонов, Ўзбекистондаги пулли йўл — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.
Бугун Ўзбекистонда айрим ҳоким-у, «замҳоким»ларининг тили бурро, қўли югурук. Уларнинг қўл остида ишловчи ходимлар учун бундай зуғум ва зулмга чидаб ишлаш осон эмас.
Сўнгги кунларда дарахтларнинг кесилиши, ҳавонинг чанглиги туфайли нафас олишнинг қийинлашгани муҳокама марказида бўлиб турган бир пайтда, Бувайда тумани ҳокими ўринбосарининг дарахт кесилишига чек қўймоқчи бўлган экология инспекторини ёқасидан олиб, унга куч ишлатгани акс этган видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозига сабаб бўлди.
Шу ва ҳафтанинг бошқа воқеалари бугун ҳафталик дайжестимизда:
· Масжидларда ёмғир сўраб дуо қилган ўзбекистонликлар
· Жаҳон кубоги соҳибига айланган Жавоҳир Синдоров
· Янги лавозимга тайинланган Комил Алламжонов
· Тошкент-Андижон пулли йўли қандай бўлади?
«Замҳоким» экологга қўл кўтарди
Бувайдада ҳоким ўринбосари экологик инспекторга куч ишлатди. Экологик инспектор Аҳроржон Ниёзов канал ёқасидаги ноқонуний дарахт кесилишини тўхтатмоқчи бўлганида, туман ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров унга зўравонлик билан қарши чиққан.
Гувоҳларга кўра, инспектор аввал калтакланган, кейин эса Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари томонидан қонунбузарлик содир этилаётган ҳудуддан куч билан олиб чиқилган.
Фарғона вилояти Экология бошқармаси эса Бувайда туманидаги Найман қишлоғида ноқонуний дарахт кесиш ҳолати тасдиқланганини маълум қилди. Рейд пайтида 26 туп дарахт кесилгани аниқланиб, 10,3 млн сўм жарима ва 45,8 млн сўм зарар ҳисобланган.
Адолат қарор топиб, эколог қўл кўтарган ҳоким ўринбосари ишдан олинди ва камига унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун жиноят иши қўзғатилди.
Ижтимоий тармоқларда яна бир замҳоким — Шодмон Аллабердиев ходимларни бўралатиб сўкаяётгани акс этган аудио тарқалди.
Аниқланишича, у сўконғич раҳбар Узун тумани ҳоким ўринбосари экан. Туман ҳокимлиги расмий муносабатда, сувдан тежамкор фойдаланиш ва белгиланган тартибга риоя қилиш вазифаси берилганини, тартибга амал қилмаганлар бўйича чоралар кўрилганини маълум қилди. Бу воқеа бўйича текширув давом этмоқда.
Масжидларда ёмғир сўраб дуо қилинди
Бу йил кузда юртимизда деярли ёғингарчилик кузатилмади. Азим Тошкент эса дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатидан тушмай қолди.
Ҳафта якунида ўзбекистонликлар дуога қўл очиб бирлашди. муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан жума намозидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраш мақсадида икки ракат истисқо намози ўқилди. Қолаверса, Макка ва Мадинада умрада бўлган элликбоши имом-домлалaрга ҳам ўз гуруҳлари билан Ҳарами Шарифларда истисқо намозини ўқиш тавсия қилинди.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, Тошкентда ростмана ёмғир 8-9 декабр кунларида кутилмоқда. Унгача 1 декабр ва 4 декабр куни қисқа муддатли ёғинғарчиликлар бўлиши эҳтимоли ҳам маълум қилинмоқда.
Жавоҳир Синдоров Жаҳон кубоги соҳиби
Бу ҳафта Ўзбекистон учун муҳим ва қувончли воқеа билан якун топмоқда. Ўзбекистонлик ёш шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубоги финалида хитойлик Вей Йи устидан ғалаба қозонди. Шу тариқа, 19 ёшли Синдоров бундай турнирда ғолиб бўлган энг ёш шахматчига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Жавоҳир билан телефон орқали суҳбатлашиб, тарихий ғалаба билан қутлади. Ёш спортчи Президентга жаҳон шахмат тожини ҳам Ўзбекистонга олиб келишга ваъда берди.
Синдоров мусобақа ғолиби сифатида ФИДЕ томонидан 120 минг доллар мукофот берилди. Қолаверса, Президент фармони билан, Жаҳон кубоги соҳиби бўлган 19 яшар шахматчига «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди. Унга Президент совғаси сифатида 3 хонали хонадон, унинг мураббийларига эса пул мукофотлари топширилади.
Энди Жавоҳир Синдоров 2026 йил 28 мартдан 16 апрелга қадар Кипрда ўтказиладиган даъвогарларнинг асосий турнирида иштирок этади.
Маиший ҳаво тозалагичлар учун бож бекор қилинди
Тошкент ҳавоси чанг билан тўлиб, одамларнинг нафасини сиқаётган бир пайтда, айрим савдогарлар мўмайроқ даромад қилиш учун, ҳаво тозаловчи ускуналарнинг нархини асоссиз 2-3 баробар оширмоқда. Тўғри, талаб кескин ошгач, таклиф қисқаради ва нархлар ошади. Бу —бозор қонуни. Аммо инсоф сари барака, дейишади-ку?..
Шундай вазиятда Президент фармонига мувофиқ, маиший ҳаво тозалагичларни Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи бекор қилинди.
Шунингдек, шу фармонга кўра, атмосфера ҳавосининг PM2.5 заррачалари билан ифлосланишини ўрганиш мақсадида Экология қўмитаси ҳузурида махсус лаборатория ташкил этилади.
Атмосфера мониторинги учун зарур бўлган автоматлаштирилган кичик станциялар, кузатув постлари ва тозалаш технологиялари ҳам божхона божидан озод этилмоқда.
Натижада, тадбиркорлар ҳам, фуқаролар ҳам маиший ҳаво тозалагичларни бож тўловисиз олиб кириши мумкин бўлади.
Энди эски автомобил ўрнига янгисини олиш мумкин
Тошкентдаги экологик вазият фондида эски автомобилини янгиламоқчи бўлган фуқороларга янги таклиф берилди.
Ўзбекистонда 2010 йилгача ишлаб чиқарилган ва экологик талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган автомобилларни trade-in орқали янгилаш механизми йўлга қўйилади.
Бу тизим Тошкент осмонини тутун пардасидан халоc этиш ва шаҳар ҳавосини янада мусаффо ва соғлом қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Механизм жорий этилганда эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли автомобиллар ўрнини янги авлод ва экологик тоза транспорт воситалари эгаллайди. Бу ҳайдовчиларга машиналарини янгилаш имконини беради ва Тошкент ҳавосининг тозаланишига хизмат қилади.
Маълумот учун, «trade-in» — инглизча ибора бўлиб, эски нарсани топшириб, устига маълум миқдорда пул қўшиб, янгисини олиш деган маънони англатади.
Комил Алламжонов янги лавозимга тайинланди
Шахматда ҳар бир дона ўз вазифасини аниқ бажаргани каби, давлат бошқарувида ҳам кадрлар масъулияти муҳим. Агар улар ишини виждонан бажармаса, тизим самарасиз бўлади ва ислоҳотлар секинлашади.
Шу нуқтайи назардан, янги тайинловлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Саида Мирзиёева фармойиши билан Алламжонов Ўзбекистон Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили бўлди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, Алламжонов янги вазифалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси лавозимидаги фаолиятини ҳам давом эттиради.
Абдуҳакимов қўлидаги татуировка
Янгидан ташкил этилган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимовнинг журналистлар билан учрашувда чап қўлидаги татуировка билан кўриниш бериши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага айланди.
Кимдир уни қандайдир сектага аъзо бўлган деса, яна бошқалар бу рамз орқали «номенклатурада қолиш сирлари»ни қидира бошлади.
Vaqt.uz мухбирининг аниқлик киритишича, бу белгининг ҳеч бир махфий ташкилотга алоқаси ва қандайдир рамз ёки ирим сиримлар билан боғлиқ маъноси йўқ.
Абдуҳакимов яқинда БМТнинг Бразилиянинг Белен шаҳрида ўтказилган ва иқлим муаммоларига бағишланган COP30 анжуманида иштирок этган. Амазонка минтақасида меҳмонларга ҳурмат сифатида шундай татуировка чизиш анъанаси бор. Уни қабул қилиш эса маҳаллий халқ қадриятларига эҳтиром ифодаси ҳисобланади.
Белги одатда тананинг истаган қисмига чизилади, анжуманда иштирок этган баъзи меҳмонлар ҳаттоки юзига ҳам чиздирган. Абдуҳакимов эса қўлини танлаган.
Хуллас, татуировка 10–15 кун сақланади ва ўз-ўзидан йўқолиб кетади.
Тошкент–Андижон пулли йўли қачон битади
Тошкентдан Андижонгача қуриладиган 314 километрлик янги автомагистрал соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиш имконини беради. Ушбу лойиҳанинг қурилиш муддати тахминан 4 йил давом этади.
Янги пулли йўл масофани 2 соату 14 дақиқада босиб ўтиш имконини беради.
Қайд этилишича, 314 километр автомагистрал цемент-бетон қопламали, олти полосали ва 1А тоифада қурилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати тендер ғолиби аниқлангандан кейин маълум бўлади, қурилиш муддати эса тахминан тўрт йил давом этади.
Ушбу йўл таркибида умумий узунлиги 33 километрга тенг 10 та туннел, 1122 метрлик 102 та йўл ўтказгич бўлади. Тендерда учта компания иштирок этмоқда, ғолиб 2026 йилнинг биринчи ёки иккинчи чорагида эълон қилиниши мумкин.
Автомобил йўллари қўмитаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Ҳасан Умаровнинг сўзларига кўра, пулли йўлда ҳар 100 километр масофани босиб ўтиш тахминан 50 минг сўмга тушади. Унинг таъкидлашича, оддий йўлларда тезликни ошириш учун жарима тўлаш эҳтимоли юқори бўлса, пулли йўл узлуксиз ҳаракатни таъминлаб, йўл харажатларини камайтириши мумкин.
Пулли йўлда сервис хизматлари юқори даражада бўлади: ҳар 50–100 километрда ёқилғи шохобчалари, дам олиш масканлари ва тўхташ жойлари барпо этилади. Шунингдек, тез ёрдам, ички ишлар ва фавқулодда хизмат машиналари йўлдан бепул фойдаланади.
Теглар






