add

Рим марказидаги ўрта аср минораси қулади, бир ишчи оғир жароҳат олди

Бугун 09:391101

Италия пойтахти Рим марказидаги ўрта аср даврига оид Torre dei Conti минораси таъмирлаш ишлари пайтида қулади. Ҳодиса натижасида бир ишчи оғир ҳолатда шифохонага етказилган.

Рим марказидаги ўрта аср минораси қулади, бир ишчи оғир жароҳат олди

Рим марказида жойлашган XIII асрда қурилган Torre dei Conti минорасида таъмирлаш ишлари вақтида фалокат содир бўлди. Италия ОАВнинг ёзишича, бинодаги қурилиш қисми қулаши оқибатида камида бир ишчи оғир жароҳат олган.

Corriere della Sera нашри хабарига кўра, ҳодиса жойида юзлаб сайёҳлар полиция ва ёнғин ўчирувчиларнинг ҳаракатларини кузатган. Уч ишчи ўзини хавфдан қутқара олган, бир нафари эса минора ичида қамалиб қолган. Қутқарувчилар уни қутқаришга уринганида миноранинг бир қисми яна қулаган ва қутқарув ишларини қийинлаштирган.

Ҳозирча бошқа жабрланувчилар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Гувоҳ аёл — қаҳвахонада официантлик қилувчи аёл нашрга шундай деган:

«Мен ташқарида мижозларга хизмат кўрсатаётгандим, бир пайт деворларнинг  йиқилаётган овозини эшитдим. Бошимни кўтарсам, ишчилардан бири пастга қулаётганини кўрдим», деган у.

Torre dei Conti минораси Римнинг Via dei Fori Imperiali кўчасида, Колизей яқинида жойлашган бўлиб, у 29 метр баландликка эга. Илк қурилиши 1200-йиллар бошига тўғри келади. Ўша вақтда миноранинг баландлиги 50 метрдан зиёд бўлган, аммо 1349 йилдаги ва XVII асрдаги зилзилалар оқибатида бир неча марта қисқартирилган.

2006 йилдан буён бино фаолиятсиз ҳолда турган ва узоқ йиллик реставрация лойиҳаси доирасида таъмирланмоқда эди. Ҳозирда ҳодиса жойида полиция ва фуқаро муҳофазаси идоралари тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Рим марказидаги ўрта аср минораси қулади, бир ишчи оғир жароҳат олди | Vaqt.uz