add

Россия банки нефт нархлари ошмаса, бюджет харажатлари қисқаришидан огоҳлантирди

Бугун 08:302 дақиқа

Россия нефти нархлари ҳозирги даражада қолса, бюджет қоидасидаги базавий нарх қайта кўриб чиқилиши ва давлат харажатлари қисқариши мумкин.

Россия банки нефт нархлари ошмаса, бюджет харажатлари қисқаришидан огоҳлантирди

Россия нефти нархлари 2026 йил давомида ҳам ҳозиргидек паст даражада сақланиб қолса, бюджет қоидасида белгиланган базавий нефт нархини қайта кўриб чиқиш талаб этилиши мумкин. Бу ҳолат, ўз навбатида, давлат харажатларини қисқартиришга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Россия Марказий банки раҳбарияти декабр ойида асосий ставка бўйича муҳокамалар чоғида маълум қилган.

Амалдаги бюджет қоидасига кўра, давлат нефт-газ даромадларини фақат белгиланган базавий нархдан келиб чиққан ҳолда сарфлаши мумкин. Агар ҳақиқий нефт даромадлари ушбу базадан паст бўлса, фарқ Миллий фаровонлик жамғармаси ҳисобидан қопланади. 2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, жамғарманинг ликвид қисми 4,1 трлн рублни ташкил этган.

Ўтган йили нефт учун базавий нарх 60 доллар/баррел бўлган бўлса, 2025 йил учун у 59 доллар этиб белгиланди. Амалдаги қоидаларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилгача ҳар йили 1 долларга камайиб, 55 доллар даражасига тушиши керак. Бироқ ҳозирги кунда Россия нефти нархи бу даражадан анча паст. 2025 йил ноябр ойида ўртача экспорт нархи тахминан 45 доллар/баррелни ташкил этган, декабр ойида эса нарх янада пасайган.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги прогнозларига кўра, 2026–2028 йилларда «Brent» маркали нефт нархи 70–72 доллар атрофида бўлиши кутилмоқда, «Urals» нефтига қўлланиладиган чегирма эса 2025 йилдаги 12 доллардан 2028 йилга келиб 7 долларгача қисқариши мумкин. Узоқ муддатли бюджет прогнозида 2030 йилдан бошлаб «Urals» нархи 69 доллар даражасида баҳоланган.

Бироқ халқаро прогнозлар бу борада анча эҳтиёткор. АҚШ Энергетика вазирлигига қарашли прогнозларга кўра, 2026 йил давомида «Brent» нархи 55 доллар атрофида қолиши мумкин. «Goldman Sachs» 56 доллар, «ING» 57 доллаор, «Citi» 62 доллар, Оксфорд энергетика институти эса 65 доллар атрофидаги нархни кутмоқда. Бу ҳолатда «Urals» нефти нархи ҳатто энг яхши сценарийда ҳам 50 доллардан сал юқори бўлиши мумкин.

Россия Марказий банки охирги йилларда нефт нархлари билан боғлиқ хавфларга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2025 йил феврал ойида ҳукумат учун тайёрланган ёпиқ ҳисоботда нефт нархларининг узоқ муддатли паст даври такрорланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Банк консерватив ёндашувни тавсия қилиб, базавий нархни эҳтиёткор баҳолаш асосида белгилаш зарурлигини таъкидлайди. Акс ҳолда, захиралар тез сарфланиши ва бюджет тақчиллиги ўсиши хавфи пайдо бўлиши мумкин.

РФ Марказий банкнинг базавий сценарийсига кўра, 2026 йилда «Urals» нефти 55 доллар, 2027–2028 йилларда эса 60 доллар бўлиши кутилмоқда. Хатарли сценарийда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 35, 30 ва 35 доллар даражасида баҳоланган.

Теглар

Мавзуга оид