Logo

Россия Марказий Осиёдан бораётган мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотмоқда — OSW

Бугун 09:212 дақиқа

Ёш аҳоли сонининг ўсиши ва иш ўринларининг етишмаслиги минтақа аҳолисини тобора кўпроқ янги давлатларда иш излашга ундамоқда. Меҳнат мигрантлари юборган пул ўтказмалари Ўзбекистонда ЯИМнинг 14,4 фоизини ташкил этади.

Россия Марказий Осиёдан бораётган мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотмоқда — OSW © vesti.ru

Россия ҳануз Марказий Осиёдан бораётган меҳнат мигрантлари учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Бироқ унинг жозибадорлиги аста-секин пасаймоқда. Минтақа аҳолиси тобора кўпроқ Европа Иттифоқи давлатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Кореяни танламоқда. Бу ҳақда Польшанинг Шарқ тадқиқотлари маркази (OSW) янги ҳисоботида айтилади.

Сўнгги 35 йил ичида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аҳолиси қарийб 30 миллион кишига кўпайиб, 52,9 миллиондан тахминан 81 миллион нафарга етди. Минтақа аҳолисининг ўртача ёши 26,6 ёшни ташкил этади. Бу Марказий Осиёни дунёдаги энг ёш минтақалардан бирига айлантиради.

OSW таҳлилчиларига кўра, бундай демографик вазият иқтисодий ўсиш ва Марказий Осиёнинг сиёсий таъсири кучайиши учун имконият яратади. Шу билан бирга, меҳнат бозори, мактаблар, соғлиқни сақлаш тизими, шаҳар инфратузилмаси ва бошқа давлат хизматларига босим ҳам ортиб бормоқда.

Россиянинг 2022-йилда Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланишидан олдин Россия минтақадаги кўплаб меҳнат мигрантлари учун деярли ягона йўналиш эди. Аммо кейинги йилларда у ерга бориб ишлаш камроқ фойдали ва хавфлироқ бўлиб қолди.

Муаллифлар бунга Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ва рубль қадрсизланишини сабаб сифатида кўрсатади. Шунингдек, мигрантларга қарши кайфиятнинг кучайиши, «Crocus City Hall» терактидан кейин Тожикистон фуқароларининг депортация қилиниши ҳамда Марказий Осиёдан борган фуқаролар Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам Россия меҳнат бозорининг жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу фон ортида бошқа йўналишларнинг аҳамияти ҳам аста-секин ортмоқда. OSWнинг «Eurostat» маълумотлари асосидаги ҳисоб-китобига кўра, 2023-йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари Марказий Осиёнинг беш давлати фуқароларига қарийб 196 мингта биринчи яшаш учун рухсатнома берган. Шундан тахминан 78 мингтаси иш билан боғлиқ бўлган. Энг кўп рухсатномаларни Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари олган.

Шу билан бирга, Россия ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Россия бозори шаклланган миграция алоқалари, рус тилини билиш, транспорт қулайлиги ва кириш шартларининг нисбатан соддалиги сабабли минтақа аҳолиси учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Шу боис гап Россиядан бутунлай воз кечиш ҳақида эмас, балки меҳнат миграцияси географиясининг босқичма-босқич кенгайиши ҳақида бормоқда.

Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодиёти энг заиф ҳисобланади. OSW ҳисоботида келтирилган маълумотларга кўра, меҳнат мигрантлари юбораётган пул ўтказмалари Тожикистонда ЯИМнинг 47,9 фоизини, Қирғизистонда 18,8 фоизини ва Ўзбекистонда 14,4 фоизини ташкил этади. Бундай қарамлик ушбу давлатларни мигрантлар ишлаётган мамлакатлардаги миграция сиёсати ва иқтисодий вазиятдаги ўзгаришларга нисбатан сезгир қилиб қўймоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин судланган мигрантларга Россия фуқаролигини беришни тақиқлаганди.

Теглар

Мавзуга оид