add

Россия Европанинг 11 та давлати билан ҳарбий шартномаларни бекор қиляпти

Россия ҳукумати Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар ҳамда Буюк Британия билан ҳарбий ҳамкорликни тартибга солувчи бир қатор икки томонлама битимларни бекор қилишга қарор қилди.

Россия Европанинг 11 та давлати билан ҳарбий шартномаларни бекор қиляпти

Россия Федерацияси ҳукумати 1992–2002 йиллар оралиғида Европа давлатлари билан тузилган ҳарбий ҳамкорликка оид битимларни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, Россия Мудофаа вазирлигига Европа Иттифоқига аъзо бир қатор давлатлар ҳамда Буюк Британия билан имзоланган ҳарбий келишувларни бекор қилиш ваколати берилди.

Қарор 19 декабр куни Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган. Ҳужжатга мувофиқ, Россия томонидан Европа давлатлари билан тузилган 10 та икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик шартномаси ҳамда Россия ва Буюк Британия мудофаа идоралари ўртасидаги битта меморандум ўз кучини йўқотиши мумкин.

Бекор қилиниши режалаштирилган шартномалар орасида Германия, Полша, Руминия, Дания, Норвегия, Нидерландия, Хорватия, Белгия ва Чехия билан «ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисида»ги келишувлар мавжуд. Шунингдек, Россия ва Буюк Британия мудофаа вазирликлари ўртасида тузилган тегишли меморандум ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.

Мазкур битимлар Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг шаклланган ҳарбий-сиёсий муносабатлар доирасида имзоланган бўлиб, томонлар ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берган эди. Улар асосан тажриба алмашиш, ҳарбий делегациялар ташрифи, қўшма машғулотлар ва мулоқот механизмларини қамраб олган.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу қарор Россия ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви ҳамда сўнгги йилларда юзага келган геосиёсий зиддиятлар фонида қабул қилинмоқда. Битимларнинг бекор қилиниши расмий ҳарбий алоқаларни янада қисқартириши ва томонлар ўртасидаги ҳамкорлик форматларини де-факто тўхтатиши мумкин.

Ҳозирча Россия томони ушбу қарорнинг амалий оқибатлари ва келгусидаги ҳарбий ҳамкорлик форматлари юзасидан қўшимча изоҳ бермаган.

Теглар

Мавзуга оид