Россиялик ҳарбийлар учун ЕИ ҳудудига кириш тақиқланади

Европа Иттифоқи Украинадаги урушда иштирок этган барча россияликларга Шенген ҳудудига киришни тақиқлашни режалаштирмоқда.

Россиялик ҳарбийлар учун ЕИ ҳудудига кириш тақиқланади

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётида иштирок этган барча россияликлар учун Шенген ҳудудига киришни тақиқлаш ташаббусини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас маълум қилди.

«Европа Комиссияси билан биргаликда биз юз минглаб собиқ Россия ҳарбий хизматчиларининг Шенген ҳудудига киришига йўл қўймаслик устида ишламоқдамиз», — дейди Кая Каллас.

Каллас, шунингдек, Россиянинг Европа Иттифоқи ҳузуридаги миссияси ходимлари сонини 40 нафар билан чеклашга қарор қилинганини билдирди. Бу қадам Брюсселнинг Москвага нисбатан босимини кучайтириш сиёсати доирасида баҳоланмоқда.

Аввалроқ ЕИ ташқи сиёсий хизмати вакили Анита Хиппер ҳам ушбу ташаббус муҳокама қилинаётганини тасдиқлаган эди. Унинг айтишича, масала январь ойи охирида ЕИ Ташқи ишлар кенгаши йиғилишида кўриб чиқилган ва бир қатор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Politico нашрининг ёзишича, Таллин ҳарбий тажрибага эга шахсларни Шенген «қора рўйхати»га киритишни таклиф қилган. Европа дипломатларига кўра, можаро тугаганидан сўнг минглаб бундай шахслар ЕИ ҳудудига киришга уриниши мумкинлиги хавотир уйғотмоқда. Бироқ айрим манбалар ташаббусни амалга ошириш амалиётда мураккаб бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда.

Россия ҳукумати эса Ғарб санкцияларини ноқонуний ва самарасиз деб ҳисоблаб келади.

Теглар

Мавзуга оид