
Россияликлар ўзларининг вертолётини уриб туширди
Бу уруш бошланганидан бери Россия армияси ўзининг вертолётини уриб туширган камида бешинчи ҳолат ҳисобланади.

Россия ҳаво мудофааси кучлари Украина дронларининг Россия ҳудудига ҳужумини қайтариш пайтида хатолик туфайли ўзининг Ка-52 жанговар вертолётини уриб туширди. Бу ҳақда Fighterbomber, Aviahub ва «Воевода вешает» Телеграм-каналлари маълум қилди.
The Insider маълумотларига кўра, бу уруш бошланганидан бери Россия армияси вертолётини йўқотган камида бешинчи ҳолат ҳисобланади. «Позивной Катсман» номли Телеграм-канали аниқлик киритишича, ҳодиса вертолётни Украина дрони деб ўйлаган қирувчи самолёт учувчисининг хатоси туфайли юз берган.
«Ка-52 (52М) уриб туширилди, афсуски, шахсий таркибда йўқотишлар ҳам бор. Ўзимизникини уриб туширганга ўхшайди — қирувчи самолёт ишлади. Маълум бўлишича, уни дрон билан адаштиришган, чамаси, дрон яқин атрофда бўлган, шунчаки нотўғри нишонга уришган. Ҳодиса ва унинг сабаблари текширилмоқда», - дейилади хабарда.
Россия армиясида бундай ҳолатлар илгари ҳам содир бўлган. 2024 йил июн ойида Анапа устида Россия ҳаво мудофааси тизими Россия Аэрокосмик кучларининг Ка-29 вертолётини уриб туширган. Ўшанда ҳодиса оқибатида бутун экипаж — тўрт киши ҳалок бўлган эди.
The Insider нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, уруш давомида Россия «ўзиникиларга қарата ўт очиш» оқибатида камида 17 та учиш аппаратини, жумладан, 12 та самолёт ва 5 та вертолётни йўқотган. Улар орасида тўртта Су-35, учта Су-34, иккита А-50, биттадан Су-27, Су-30 ва Ил-22 ҳамда иккита Ка-52, Ка-29, Ми-24 ва Ми-8 бор.





