Самарқандга келаётган сайёҳлар оқими 7 баробарга ошган

26.11.2025 | 12:152 дақиқа

Самарқандда туризм соҳасига 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Вилоятга келаётган сайёҳлар оқими 2016 йилга нисбатан 7 баробар ошган.

Самарқандга келаётган сайёҳлар оқими 7 баробарга ошган

Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида чиқиш қилган Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтди.

Сўнгги йилларда Самарқандда туризм соҳаси жадал ривожланиб, ушбу йўналишга 1 млрд доллар инвестиция жалб қилинган. Натижада, вилоятга келаётган сайёҳлар оқими 2016 йилга нисбатан 7 баравар ошди, туризм хизматлари экспорти эса 600 миллион долларга етди.

«Боқий шаҳар» мажмуаси, 40 дан ортиқ зиёратгоҳларнинг обод этилиши, янги халқаро аэропорт ва ўнлаб бренд меҳмонхоналар вилоятнинг туризм салоҳиятини сезиларли оширди. Имом Бухорий мажмуаси ҳудуди 45 гектаргача кенгайтирилиб, 10 минг ўринли масжид ва инновацион музей барпо этилди.

Туризм қўмитаси хабарига кўра, 2025 йил охиригача Самарқандга хориждан келадиган туристлар сони 3 миллион кишига, ички туристлар сони 7,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Туристлар асосан Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Италия ва Германиядан келади. Ҳозирги кунда шаҳарга келаётган буюрган чет эллик туристлар ўрта ҳисобда 3,5 сутка тўхтаб, сафар давомида ўртача 320 доллар сарфлайди.

Туризм қўмитаси 2025 йил охиригача Самарқанднинг туризм соҳасига қарийб 300 млн доллар инвестиция жалб этилиши ҳақида маълум қилган эди. Инвестицияларнинг 142 млн доллари хорижий мамлакатлардан жалб этилади, маҳаллий компаниялар эса 156 млн йўналтиради. Шаҳарда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 94 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Президент сессияда Индонезия ва Малайзиянинг илғор туризм компанияларини жалб қилиб, меҳмонхоналарни замонавий бошқарувга ўтказиш сайёҳлар оқимини янада ошириш лозимлигини таъкидлади.

Аввалроқ БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида ташкил этилган Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси (Академия) фаолияти йўлга қўйилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид