Сенат Хитой билан абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Қонун Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
© senat.uzСенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида «Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.
«Дунё» АА хабар беришича, шартнома 2025 йил 17 июнда Остона шаҳрида имзоланган. У «Марказий Осиё – Хитой» формати доирасида имзоланган биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланади.
Ҳужжат давлатларнинг суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойиллари асосида стратегик шерикликни ривожлантиришни назарда тутади.
Ҳамкорлик йўналишлари кенгаяди
Шартномада сиёсий мулоқотни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда транспорт-коммуникация алоқаларини кучайтириш белгиланган.
Ҳужжат энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, «яшил» тараққиёт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни ҳам қамраб олади.
Шартнома доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини барпо этиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш учун янги имкониятлар яратилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон учун аҳамияти
Сенаторлар фикрича, ҳужжат Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириши мумкин.
Шунингдек, шартнома инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.





