add

Сербияда акустик қурол машмашаси: Путин айғоқчилари иштирокида итлар устида синов ўтказилган

Бугун 10:492 дақиқа

Сербия разведка хизмати Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда итлар устида «товуш тўплари»ни синовдан ўтказгани фош бўлди.

Сербияда акустик қурол машмашаси: Путин айғоқчилари иштирокида итлар устида синов ўтказилган

Сербия хавфсизлик идоралари ва Россия махсус хизматлари Белградда итлар устида «товуш тўплари» деб аталадиган узоқ масофали акустик қурилмаларни (LRAD) синовдан ўтказган. Бу ҳақда Politico нашри ўз ихтиёридаги ҳукумат ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Ушбу синовлар Сербия пойтахтида ҳукуматга қарши ўтказилган оммавий намойишлар пайтида одамларга нисбатан номаълум овозли ҳужум уюштирилганидан икки ҳафта ўтиб амалга оширилган.

Синовлардан кўзланган асосий мақсад — намойишчиларда кузатилган кўнгил айниши, бош оғриғи ва мувозанат йўқолиши каби аломатларнинг ушбу қурилмалар таъсирида юзага келиши мумкин ёки йўқлигини текшириш бўлган.

Синов жараёнида итлар нишон сифатида танланишига уларнинг овоз тўлқинларига ўта сезувчанлиги сабаб бўлган. Махфий ҳисоботларга кўра, АҚШнинг «Genasys» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган қурилмалардан 200 метрдан 25 метргача бўлган масофаларда жониворларга зарба берилган. Ушбу моделлар 150 децибеллгача шовқин чиқариш қувватига эга бўлиб, бу кўрсаткич ҳавога кўтарилаётган реактив самолёт двигателининг овозига тенг.

Сербия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса итлар устида бундай тажрибалар ўтказиш учун ҳеч қандай расмий рухсат бермаганини маълум қилган. Мамлакат қонунчилигига кўра, ҳарбий техника ва қурол-яроғларни синовдан ўтказишда ҳайвонлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланган.

Россия ФХХ вакиллари томонидан тайёрланган якуний хулосада эса синов ўтказилган итларда ҳеч қандай ножўя ўзгаришлар кузатилмагани ва уларнинг аҳволи яхши экани иддао қилинган.

Сербиялик мухолифатчи сиёсатчи Радомир Лазович Александр Вучични март ойидаги намойишларда ўз халқига қарши товуш тўплари қўллаганини яширишга қаратилган кампания олиб бораётганликда айблаган. Унинг сўзларига кўра, минглаб одамлар намойишлар пайтида ушбу қуролнинг оғриқли таъсирини ўз танасида ҳис қилган.

Теглар

Мавзуга оид