Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан музокара ўтказди
Етакчилар халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
© Foto: president.uzБугун, 18 май куни Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Озарбойжон етакчисини Бутунжаҳон урбанизация форумининг муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий табриклади.
Аввалги олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлашнинг ижобий суръати қайд этилди. Йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 40 фоиздан зиёдга ошди.
Қурилиш, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда биргаликдаги инвестицияларни, шу жумладан, Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Етакчилар транспортга оид ташаббусларни амалга ошириш ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.





