
Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазири билан учрашди
Учрашувда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ва уни бошқа транспорт йўлаклари билан боғлаш муҳимлиги таъкидланди.

20 ноябрда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари стратегик мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар бўйича комиссия девони раҳбари, ташқи ишлар вазири Ванг Йи Ўзбекистонга келганди. 21 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Хитой ташқи ишлар вазири мамлакатимиз етакчисига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Таъкидланишича, суҳбат давомида юқори технологиялар, «яшил» ва атом энергетикаси, сунъий интеллект, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, геология, кимё ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини фаол амалга ошириш ва уни бошқа транспорт йўлаклари билан боғлаш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва хавфсизлик масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп томонлама форматларда яқин сиёсий мулоқот ҳамда ҳамкорликни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликка қарши курашиш, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Шу йилнинг ноябр ойи охирида Ўзбекистонда бўладиган Хитой маданияти кунларининг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.





