
Совуқ ваннадаги руҳ: Инқилобчи журналистнинг ўлими тасвирланган сирли картина ҳақида
Француз неоклассик рассоми Жак-Луи Давиднинг «Маратнинг ўлими» асари бир қарашда содда, бироқ ҳақиқий қотилликни тасвирловчи картинадир. Бу машҳур асарга диққат билан қаралса, унда яширинган сиёсий сирларни кўриш мумкин.

1793 йилда яратилган «Маратнинг ўлими» картинаси сўнгги 250 йил ичидаги энг машҳур жиноят жойларидан бири тасвирланган асар ҳисобланади. Илк қарашда 1793 йил 13 июл куни ҳаммомда ўлдирилган француз инқилобчиси Жан-Пол Маратнинг жасади кўрсатилган бу манзара жуда содда туюлади. Унда қирол Людовик XVI ни қатл этишга даъват қилган журналист Маратнинг танаси олдинга эгилган, мурда устидаги кенг бўшлиқда эса жимжитлик ҳукмрон.
Аммо яқинроқдан қараганда, Жак-Луи Давиднинг бу рамзий расми мураккаб, иккиёқлама деталлардан иборат сирли жумбоққа айланади: икки қалам, икки сана, икки хат, икки аёл, икки қути, икки имзо, икки жасад... Қарама-қарши белгиларнинг маъноси томошабинни ичкарига тортади. Бизни тарихий лавҳани кузатувчидан фаол терговчига айлантиради.
Айни пайтда Париждаги Лувр музейида ўтказилаётган Давид асарларининг йирик кўргазмасида намойиш этилаётган бу дурдонада рассомнинг икки мақсади равшан. Бир томондан, ўлдирилган дўсти учун марсия яратиш, иккинчи томондан, халқни руҳлантирувчи сиёсий тарғибот асарини ясаш.

Рассом Давид учун асар қаҳрамони Марат оддий журналист эмасди. Маратни ошхона пичоғи билан ўлдирган француз аёли Шарлотта Корде уни «халқни заҳарлаётган» деб ўйлаган бўлса-да, Давид Маратни иккинчи Исо даражасида улуғлайди.
Давид портрети орқали Маратни, одамни даволовчи ҳаммомга муҳтож, тери касаллигидан азият чекаётган одамдан, дунёвий шаҳидга айлантиради. Рассом бу юксалишни кучайтириш учун расмга санъат тарихидан олинган махфий рамзлар, шифрланган ишораларни жойлаштиради.
Шу йўл билан у томошабиннинг нигоҳини асарга михлаб қўяди. Лувр куратори Себастен Аллар ўз каталог мақоласида шундай ёзган эди: «Давид Маратга атаб барпо қилган ёдгорлик, аслида ўзига атаб бунёд этилган ёдгорликдир… Марат қалам билан ҳаракат қилади, рассом эса мўйқалам билан».
Икки қўл
Томошабин нигоҳи Марат икки қўлининг қарама-қарши ҳолатлари орасида иккига ажралади. Унинг ўнг қўлида, пичоқдан атиги бир неча дюйм нарида ёзиш учун ишлатилган қалам бор. Бу қўл ерга осилиб, ҳаётсиз тургани билан Микеланжелонинг Пиэтa ҳайкалидаги Исо Масиҳнинг осилган қўлини ёки Караваггионинг 1603–1604 йиллардаги Масиҳнинг дафн этилиши асаридаги ҳолатни эслатади.

Маратнинг чап қўли эса қонга беланган хатни маҳкам ушлаб турибди. Бу эса унинг охирги диққати мактубга қаратилганини билдиради. Бир қўл ҳаётга ёпишган, бошқаси эса ўлимга бўйсунмоқда. Шу икки қарама-қарши имо орасида расмнинг руҳи тириклар ва ўликлар дунёси ўртасида муаллақ қолганини сезиш мумкин.
Икки қалам
Маратнинг қўлларидаги бу зиддиятни Давид янада кучайтиради: у саҳнага биттаси етарли бўлса-да, иккита қалам киритади. Унинг ўнг қўлидаги ёзув қаламга сиёҳ сингмаган, у ҳали нам эди.
Кўзимизни юқорига, қалам сопи бўйлаб ҳаракатлантириб, иш столи сифатида фойдаланган ёғоч қутига қарасак, сиёҳ идишининг ёнида ётган иккинчи қаламни кўрамиз. Бу қаламнинг қорамтир учи тўғридан-тўғри ўлим жароҳатига ишора қилади.
Сиёсатда қайси устун: қаламми ёки қилич — ҳар доим ноаниқ. Давид асарида эса қалам билан пичоқ бир-бирининг акси сифатида тасвирланган. Улар бир-бирини доим ўткирлаштириб турган.
Икки хат
Бирини англаб олганингиздан сўнг, бу жуфтлик ҳодисаси расм бўйлаб кўпайиб бораверади. Марказда ёнма-ён иккита хат жойлашган. Уларнинг ҳар бири турли қўлда ёзилган. Шу икки ҳужжат орасида бутун асарнинг сценарийси яширин.

Марат чап қўлида ушлаб турган хатни рассом шундай жойлаштирганки, биз уни осон ўқий оламиз. Унда қотил аёл Корде Маратни алдаб, ўз уйига таклиф қилишга мажбур қилган. «Мен жуда бахтсизман, сизнинг меҳрибонлигингизга ҳақлиман», деб ёзади Корде.
Корде хатининг тагида, қутининг четида, Маратнинг ўзи ёзган иккинчи хат ётади. У ўлим пайтида ёзилаётган ҳужжат эди. Бу хатни инқилобий қоғоз пул — ассигнат босиб турибди. Санъатшунослар бу Ғарб санъатида қоғоз пулнинг илк тасвири эканини айтишади.
Иккинчи хатда Марат шундай ёзади: «Ватан ҳимоясида ҳалок бўлган беш болали онага беш ливр юборилсин».
Икки аёл
Бу икки хат нафақат расмнинг ўқи — алдов ва садоқат, меҳр ва қасос йўналишларини белгилайди, балки улар икки «кўринмас аёл» образини ҳам ифодалаган. Биринчиси Маратни ўлдирган, елкасига узун пичоқни яшириб олиб кирган маккор қотил Шарлотта Корде бўлса, иккинчиси Маратга ёрдам бермоқчи бўлган, эри жангда ҳалок бўлган бечора бева аёл.

Бу икки аёл қарама-қаршилиги санъат тарихида қадимдан давом этган мавзу — бири эзгулик, бири ёвузлик тимсоли. Асрлар давомида рассомлар савоб ва гуноҳ ўртасидаги курашни кучли аёллар образлари орқали кўрсатганлар.
Масалан, Уйғониш даври рассоми Паоло Веронезенинг «Эзгу ва ёвузликнинг рамзий талқини» (тахминан 1565) асарида бир аёл Гераклни шараф сари чорлайди, бошқаси эса орқасига яшириб олган пичоқ билан уни лаззат сари васвасага солади.
Давид бу рамзни инқилоб даврига мослаб янгилаган. «Маратнинг ўлими»да бу кураш нафақат икки аёл ўртасида, балки эзгулик ва ёвузлик, раҳм ва зўравонлик ўртасидаги муқаддас синов талқинида бутун миллатнинг руҳи устида кечади.
Икки имзо
Ҳар қандай расм имзо билан тугайди. Бу рассом ҳикоясини якунлаб, унга розилик билдирганини кўрсатувчи сўнгги чизиқдир. Аммо «Маратнинг ўлими»да битта эмас, иккита имзо бор, бу эса асарни тугалланмаган, абадий очиқ «совуқ жиноят иши»га айлантиради.
Биринчи имзо ўртада, Корде ёзган мактубнинг ўзида. Бу сохта имзо Давиднинг ўзи томонидан Корде номидан қайта яратилган. Иккинчи имзо эса пастда, ёғоч қутининг тагида, гўё тошга ўйилгандек кўринади. Бу рассомнинг ўз имзоси. Мусаввир асарни ўлдирилган дўстига бағишлайди ва унинг номини ўзидан ҳам каттароқ қилиб, «Маратга, Давиддан.» дея ёзади.
Шу тарзда Давид ўз исмини асарнинг «жиноят жойи»га жойлаштиради. Бу билан у санъат тарихига яна бир ишора қилади. Машҳур рассом Караваггио ўзининг ягона имзо қўйган асари — «Яҳё пайғамбарнинг боши кесилиши» номли улкан расмда ҳам шундай қилган эди.

У пайғамбарнинг қонидан ҳосил бўлган ҳовуз ичида ўз исмини «f. Michelang.o» шаклида ёзади. Бу гўё мусаввир ўша қотиллик учун жавобгар бўлаётгандек эди. Давид бу услубни такрорлаган ҳолда Маратнинг ўлими учун иқрорга келмайди, балки унинг сиёсий йўлини ўзининг йўли деб эълон қилади. У гўё шундай демоқда: «Энди бизнинг барчамиз Маратмиз».
Икки сана
Давиднинг имзосининг остига диққат билан қарасак, у ерда нафақат икки хил санани, балки икки хил вақт тушунчасининг тўқнашувини кўрамиз. Рассом ўз исм остига «L’an deux» («Иккинчи йил») деб ёзган. Бу инқилобий тақвим бўйича 1792 йилда Республика тузилганидан бошлаб ҳисобланган иккинчи йилни билдиради.
Бу аниқ ва ўқилиши осон, сана ёнида эса христиан тақвими санаси — «1793» қисман ўчирилган, Рассом қутининг икки бурчагига «17» ва «93» рақамларини ёзиб, кейин уларни қириб ташлаган. Бу эса эски христиан вақтини рад этиб, янги инқилобий ўлчовларга ўтиш рамзидир.
Иккиюзламаликнинг умумий маъноси
Хўш, бу барча «икки» рамзлари: икки қалам, икки хат, икки қўл, икки аёл, икки имзо ва икки сана Давиднинг машҳур расмида нимани англатади?!
Бу асар эҳтирос билан тамойилнинг бирлашуви орқали тарихий расмлар мазмуни ва ифода кучини бутунлай ўзгартирган дурдона бўлиб, у Делакруанинг «Медуза салласи», ҳамда Пикассонинг «Герника» каби асарларига бевосита йўл очган.
Давид «Маратнинг ўлими»да оддий жиноят жойидаги далилларни ўз тасаввури призмасидан ўтказиб, уларни икки томонлама портретга айлантиради. У бу ерда Маратни нафақат ўлдирилган инсон сифатида, балки абадий маънога эга бўлган афсонавий тимсол — «инсоний шаҳидлик» рамзи сифатида кўрсатади.
Томошабин кўз ўнгида рассом жиноятни афсонага айлантиради: қалам билан ўлдирилган публицистнинг танаси гўё алкимёвий йўл билан иккинчи, руҳий бир образга айланади.
Француз шоири Шарл Бодлер бу ҳолатни жуда нозик ифода этган эди: «Бу хона совуқ ҳавосида, бу совуқ деворлар оралиғида, бу совуқ ва мотамсаро ҳаммом атрофида бир руҳ сузиб юрибди».
Якуний таҳлил
«Маратнинг ўлими» — бу санъат, сиёсат ва инсонийлик чорраҳасида яратилган асар. Давид ўз дўстининг жасадини оддий дафн манзарасига эмас, балки замонавий шаҳидлик маросимига айлантиради. Рассом Маратни Исо Масиҳ билан тенглаштириб, сиёсий инқилобни диний қурбонлик даражасига кўтаради.
Расмда ҳар бир детал иккиёқлама маъно билан тўла: қалам ва пичоқ, меҳр ва хиёнат, ҳаёт ва ўлим, вақт ва абадият. Улар бир-бирини инкор этмайди, балки тўлдириб туради.
Давид ўз имзоси билан Маратнинг ўлимига гувоҳ бўлган нафақат рассом, балки инқилоб тарафдори сифатида ҳам қатнашади. Шундай қилиб, у «жиноят жойи»ни нафақат тасвирлайди, балки уни сиёсий баёнотга айлантиради.
Рассом ўз асари орқали тарихни ҳужжатлаштирмайди, балки уни яратади. Шунинг учун ҳам «Маратнинг ўлими» фақат бир инсоннинг ўлими эмас, балки инқилобий эътиқоднинг, инсоний фидойиликнинг ва санъатнинг янги шаклга кирган онидир.
Бу асар нафақат ўтмишнинг, балки санъатнинг ўзини ҳам ўзгартирган. Унда сиёсий ғоя билан эстетик гўзаллик бир-бирига сингиб кетган. Шунинг учун ҳам у ҳали ҳамон, 2 аср ўтгач, томошабинни жим туриб, чуқур ўйлашга мажбур қилади. Гўё Маратнинг руҳи ҳануз ўша совуқ ваннада, тарих билан бирга яшаётгандек.






