«SpaceX»нинг сунъий интеллектдан кўрадиган асосий фойдаси коинотга эмас, Ерга боғлиқ бўлиб қолмоқда
«SpaceX» орбитани забт этишга уринаётган бўлса-да, компаниянинг сунъий интеллектдан кўраётган миллиардлаб доллар фойдаси айнан Ердаги инфратузилмага боғлиқ.

Америкалик миллиардер Илон Маск сунъий интеллект (СИ) келажагини коинот билан боғлаётган бўлса-да, Уолл-стрит таҳлилчилари «SpaceX»нинг яқин келажакдаги миллиардлаб долларлик даромадлари орбитада эмас, айнан Ердаги маълумотлар марказларида яратилишини таъкидламоқда. Компаниянинг йирик СИ фирмалари билан тузган шартномалари йилига 28 миллиард доллар даромад келтириши мумкин.
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши ортидан инфратузилма провайдерлари, айниқса, маълумотлар марказлари (дата-марказлар) энг кўп фойда кўрувчилар қаторига кирмоқда.
«SpaceX» аллақачон ўзининг Ердаги «Colossus» суперкомпьютерлари учун «Anthropic», «Google» ва «Reflection» AI каби йирик мижозлар билан шартномалар тузиш орқали ҳисоблаш қувватларини тижоратлаштиришни бошлаган.
«Reuters» таҳлилларига кўра, жорий йилда компаниянинг ҳисоблаш шартномаларидан оладиган даромади унинг бошқа йўналишлардаги савдоларидан кескин ошиб кетади.
Ердаги инфратузилма ва миллиардлик даромадлар
Кутилаётган 28 миллиард долларлик йиллик даромад компаниянинг 2025 йилдаги 3,2 миллиард долларлик СИ даромадидан, шунингдек, ракета учириш ва «Starlink» хизматларининг алоҳида даромадларидан ҳам анча юқори ҳисобланади.
Ҳисоботларга кўра, «SpaceX» 2025 йилда СИ инфратузилмаси ва ривожланишига қарийб 18 миллиард доллар сармоя киритган (шу жумладан, 12,7 миллиард доллар капитал харажатлар ва 5,1 миллиард доллар илмий-тадқиқот ишлари учун). Бу кўрсаткич компаниянинг коинот ва алоқа бизнесларига сарфлаган харажатларидан ҳам ошиб кетган.
Биргаликда қарийб 1 гигаватт СИ ҳисоблаш қувватини тақдим этувчи «Colossus» ва «Colossus II» марказлари «SpaceX»ни дунёдаги энг йирик СИ операторларидан бирига айлантирди. Бундан ташқари, компаниянинг СИ кодлаш билан шуғулланувчи Cursor стартапини 60 миллиард долларга сотиб олгани унинг фақатгина инфратузилма эмас, балки дастурий таъминот бозорига ҳам жиддий кириб бораётганини кўрсатади.
Орбитал сунъий интеллект – узоқ муддатли истиқбол
Таҳлилчилар коинотдаги СИ қувватларининг Ердаги дата-марказларни тез орада сиқиб чиқариши ҳақидаги тахминларни бироз бўрттирилган деб ҳисобламоқда. «Altman Solon» консалтинг фирмаси ҳамкори Энтони Милованцевнинг таъкидлашича, орбитал марказларнинг Ердаги инфратузилмага ўринбосар бўлишига ҳали камида 10 йилдан ортиқ вақт бор.
J.P. Morgan прогнозига кўра, «SpaceX» 2029 йилга бориб ўзининг Ердаги СИ ҳисоблаш қувватини 9 гигаваттгача (Гувер тўғони ишлаб чиқарадиган энергиядан тўрт баравар кўп) оширади.
Брокерлик компаниясининг фикрича, орбитал ҳисоблаш қувватларини яратишга ўтиш 2029 йилдан кейингина бошланиши мумкин.
Коинотдаги қуёш энергиясида ишловчи СИ йўлдошларини жойлаштириш бевосита Starship ракеталарининг тезкор қайта ишлатилишига, учириш нархларининг пасайишига ва йўлдош муҳандислигидаги ютуқларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. «BofA» таҳлилчилари ҳам орбитал маълумотлар марказларининг келажаги ҳали тўлиқ исботланмагани ва бу мураккаб технологик босқичларни талаб қилишини қайд этган.

