Сунъий йўлдош маълумотлари Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ошганини кўрсатди

Бугун 08:552 дақиқа

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сунъий йўлдош орқали олинган тунги ёруғлик маълумотлари асосида Ўзбекистон ҳудудларининг сўнгги беш йиллик иқтисодий фаоллигини баҳолади. Натижалар мамлакатда урбанизация ва аҳоли фаровонлиги сезиларли даражада ўсганини тасдиқлади.

Сунъий йўлдош маълумотлари Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ошганини кўрсатди

Марказ мутахассислари ҳудуд ва шаҳарлар даражасидаги фаолликни аниқлаш учун «Nighttime Lights» (NTL) технологиясидан фойдаланди. Тадқиқотга кўра, 2020–2025 йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) номинал ўсиши 80,3 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич йиллик ўртача 15,8 фоизлик ўсиш демакдир. Сўнгги беш йил ичида жон бошига ЯИМ ҳажми 2 090 доллардан 3 887 долларгача кўтарилди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари пойтахт Тошкент шаҳрида қайд этилди. Тунги ёруғлик интенсивлигининг ошиши бевосита тадбиркорлик субъектларининг кўпайиши, янги инфратузилма объектларининг ишга тушиши ва аҳоли зичлигининг ортиши билан боғланмоқда. Сунъий йўлдош маълумотлари анъанавий статистикани тўлдирувчи ва иқтисодий жараёнларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи ишончли манба ҳисобланади.

 

Тошкент туманларидаги етакчилик

Тошкент шаҳри туманлари кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Миробод туманида кузатилди. Ушбу ҳудудда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) миқдори 7,1 минг долларга ошди. Шунингдек, кучли учликдан Яккасарой (6,3 минг доллар) ва Чилонзор (5,6 минг доллар) туманлари жой олди. Бу туманларда иқтисодий фаолликнинг юқорилиги инвестициялар оқими ва хизмат кўрсатиш соҳасининг жадал ривожланиши билан изоҳланади.

Тунги ёруғлик маълумотларидан фойдаланиш, шунингдек, туманлар даражасида урбанизация жараёнларини чуқур таҳлил қилиш имконини берди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда иқтисодий марказлар нафақат пойтахтда, балки вилоят марказлари атрофида ҳам кенгайиб бормоқда. Бу эса ҳудудлараро иқтисодий боғлиқликнинг кучайишига ва янги «ўсиш нуқталари»нинг пайдо бўлишига хизмат қилмоқда.

 

Урбанизация жараёнининг тезлашиши

Тадқиқотнинг энг муҳим хулосаларидан бири — шаҳар агломерацияларига хос ҳудудлар сонининг ортиши бўлди. 2020–2025 йилларда тунги ёруғлик интенсивлиги юқори бўлган ҳудудлар сони 22 тадан 31 тага етди.

Сунъий йўлдош орқали олинган маълумотлар иқтисодий сиёсатни режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ушбу методология асосида келгусида ҳам ҳудудларнинг ривожланиш динамикасини мониторинг қилиб боришни режалаштирган.

Теглар

Мавзуга оид