
Сурхондарёда қадимий тангаларни хорижга олиб чиқмоқчи бўлган фуқаро ушланди
Ушбу тангалар XVI асрга оид бўлиб, уларда араб ёзувида диний иборалар ва ҳукмдор номлари битилган.

Сурхондарё вилоятида XVI асрга оид қадимий тангаларни хорижга олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятининг «Термиз аэропорти» чегара божхона постида хорижга йўл олган фуқаро белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Текширув жараёнида унинг қўл юклари орасида оғзаки сўровда маълум қилинмаган, араб ёзувида битиклар мавжуд бўлган 5 дона қадимий металл тангалар борлиги аниқланган.
Экспертлар хулосасига кўра, тангалар XVI асрга оид бўлиб, уларда араб ёзувида диний иборалар ва ҳукмдор номлари битилган. Улар маданий бойлик сифатида эътироф этилган.
Тангалар Термиз археология музейига топширилган бўлиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарорига мувофиқ, яратилганига 50 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган маданий бойликларни мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланади.





