
Tesla Европада кескин таназзулда: Францияда сотувлар −58 фоиз, Данияда −49
Tesla 2025 йил ноябрида Европада кескин пасайиш қайд этди: Францияда сотувлар қарийб 58 фоизга, Данияда эса яримгача камайди — рақобат кучайгани бренд учун жиддий сигналга айланмоқда.

Европанинг электромобиллар бозорида рақобат кучайиши Tesla учун оғир оқибатларга олиб келмоқда. Францияда 2025 йил ноябр ойида компания сотувлари кескин — 57,83 фоизга пасайиб, бор-йўғи 1591 дона автомобил рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Investing нашри Франция автомобилистлар федерацияси маълумотларига таяниб хабар берди.
Йил бошидан буёнги натижалар ҳам хурсанд қиларли эмас: январ–ноябр оралиғида Teslaʼнинг Франциядаги савдолари 32,79 фоизга қисқарди. Франциянинг умумий автомобил бозори ҳам пасайган, бироқ анча юмшоқ суръатда — 4,92 фоиз. Бир қарашда, бу умумий бозордаги инерциядек кўринса-да, рақамлар Tesla учун алоҳида муаммо мавжудлигини англатади.
Бензин ва ҳибрид моделлари улуши кенгаяётган бир пайтда, Европа автоишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилган янги электромобил моделлари бозорда жиддий рақобат яратмоқда. Teslaнинг Европа миқёсидаги имижи эса йил давомида заифлашган: жамоатчилик Илoн Маскнинг баёнотлари ва сиёсий чиқишларини салбий қабул қилмоқда, бу эса бренднинг оммавий қабул қилинишини сусайтиргани айтилади.
Шу билан бирга, Данияда ҳам ўхшаш манзара кузатилмоқда. Даниянинг bilstatistik.dk портали маълумотларига кўра, ноябр ойида Tesla рўйхатдан ўтказган янги автомобиллар сони 49 фоизга қисқарди: ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичга нисбатан атиги 534 та автомобил қайд этилган. Бу мамлакатдаги талабнинг кескин сусайганини англатади.
Европанинг бошқа қисмларида ҳам пасайиш тенденцияси сақланмоқда: сентябрь ойида Европа Иттифоқи, ЕАСТ ва Британиядаги рўйхатдан ўтказиш натижалари 10,5 фоизга камайган эди.
Tesla сентябр ойи кварталида рекорд даражада етказиб бериш кўрсаткичларига эришган бўлса-да, экспертлар буни АҚШда солиқ имтиёзлари муддати тугаши олдидан харидларнинг сунъий тезлашуви билан изоҳлайди. Компаниянинг III чорак молиявий натижалари ҳам бозорни қониқтирмади: СИ ва робототехникага ўтиш жараёни маржа фойдасини янада қисартирган.
Аввалроқ Mercedes Tesla’ни қийин аҳволга соладиган янги электр седанини чиқаргани ҳақида хабар берган





