
Тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади
Энди раҳбарлар менежерликка ўқиган, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар орасидан тайинланади.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда туман ва вилоят бош шифокорлари республика марказлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган, интеграциялашган тизим жорий қилинишини айтди.
Маълум қилинишича, бош шифокорлар ҳудудидаги касалликларнинг тури ва динамикасига қараб, марказларга буюртма беради. Бунда нафақат даволаш усуллари, балки касалликларнинг олдини олиш, шифокорларнинг малакасини ошириш каби аниқ масалаларни қўяди.
Шунингдек, янги йилдан аниқ мезонларни белгилаб, 26 та марказ директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирларини лавозимга қўйишда янги тартиб жорий қилинади. Бунда барча тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади. Уларга раҳбарлар менежерликка ўқиган, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар орасидан тайинланади.
Бундан ташқари, эндиликда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллада ўтказилади.
“Шунда халқ билан мулоқот пайдо бўлади, одамларимиз бундан рози бўлади, тиббиёт тизимига холис баҳони ўзи беради”, – деди Президент.





