add

Тожикистонда Исмоил Сомоний музлигининг катта қисми кўчиб тушди

Ушбу музлик узунлиги тахминан икки километр, баландлиги-25 метр, кенглиги-150-200 метрга тенг бўлган.

Тожикистонда Исмоил Сомоний музлигининг катта қисми кўчиб тушди

Тожикистоннинг Тожикобод туманида жойлашган Исмоил Сомоний чўққисидаги музликдан катта ҳажмдаги муз бўлаги ажралиб тушди. Бу ҳақда ҳақида республика Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ) хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, ҳодиса 25 октябр куни тахминан соат 11:00 да Сафедоби қишлоғи яқинида рўй берган.

Музликнинг ажралган қисми дара бўйлаб пастга силжиган, аммо соат 14:00 га келганда вазият тўлиқ назорат остига олинган.

Ажралган музлик бўлагининг ўлчамлари тахминан 2 километр узунликда, 25 метр баландликда ва 150-200 метр кенгликда эканлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жиддий вайронагарчиликлар рўй бермаган.

Бироқ, мутахассислар узоқ давом этган ёмғирлар ва музликнинг янги бўлаклари ажралиши эҳтимоли туфайли Гулрез қишлоғидаги қишлоқ хўжалиги хавф остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Маҳаллий ҳокимият органлари ва қутқарув хизматлари вазиятни кузатишни давом эттирмоқда ва ҳар қандай ўзгаришларга зудлик билан муносабат билдиришга шай турмоқда.

Исмоил Сомоний музлиги Тожикистоннинг баланд тоғларидаги йирик музлик массаларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар музлик бўлагининг ажралишини иқлим ўзгариши билан боғламоқда, бу эса минтақада табиий офатлар хавфини кучайтирмоқда. Музликларнинг қисқариши узоқ муддатли истиқболда жиддий экологик ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Ушбу ҳодиса иқлим ўзгариши ва унинг музликлар ҳамда минтақа экологиясига таъсири масалаларига эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Ҳозирги пайтда воқеаларнинг кейинги ривожланишини баҳолаш ва фалокатли оқибатларнинг олдини олиш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид