
Толибон даврида илк марта: Ўзбекистон фуқаролари Афғонистонга ўтиши учун чегара очилди
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ўтказиш пункти 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келганидан буён илк марта қайта тикланди.

Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи Термиз—Ҳайратон кўприги орқали фуқароларни ўтказиш пунктлари қайта иш бошлади. Бу ҳақда ССП матбуот хизмати хабар берди.
«Энди йўловчилар икки давлат орасида тўғридан-тўғри ва хавфсиз тарзда ҳаракатланиши мумкин. Шу билан бирга, виза талаби ўз кучида қолади», — дейилади хабарда.
2021 йилнинг авгусида Толибон ҳаракати Афғонистонни эгаллагач, Ўзбекистон томони қочқинлар оқимининг олдини олиш мақсадида чегарадан фуқаролар ўтиши чекланган эди.
«Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва «Термиз» назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги «Термиз» назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган. Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилади», — дейилган Ўзбекистон ТИВнинг 2021 йил 30 августдаги хабарида.
Кейинчалик бу чеклов ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Афғонистонга боришини қийинлаштириб келаётган эди: Ҳайратон кўпригидан 75 км масофада жойлашган Мозори Шарифга етиб бориш учун ўзбекистонликларга 1 соат вақт кифоя қилган бўлса, шу пайтгача Тожикистон ҳудудида жойлашган айланма йўлдан фойдаланишга ва Афғонистоннинг энг яқин шаҳрига етиб олиш учун бир сутка вақтини сарфлашга мажбур бўлаётан эди. Энди бу чекловлар бекор қилинди ва йўл яна очилди.
Чегарадан ўтиш тартибининг тикланиши экспорт қилувчи корхоналар учун катта қулайлик яратади. Афғонистонга экспорт ҳажми охирги йилларда барқарор ўсмоқда ва айниқса бу йўлнинг очилиши билан 2026 йилда экспорт ҳажмини 2,5 млрд долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд.





