Logo

«Тошкент 1,5 миллион одамга бошпана берган»: Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург иқтисодий форумида нутқ сўзламоқда

Давлат раҳбари ўз нутқида глобал рақобатнинг янги қоидалари, СИнинг кириб келиши ва Иккинчи жаҳон уруши давридаги икки халқни боғлаган тарихий хотира ҳақида тўхталди

«Тошкент 1,5 миллион одамга бошпана берган»: Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург иқтисодий форумида нутқ сўзламоқда © Foto: Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида иштирок этиб, жаҳон иқтисодиётида кечаётган туб ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.

Давлат раҳбари Россия Президенти Владимир Путинга форумга таклиф этгани ва самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Президент ўз нутқида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ўттиз йил давомида жаҳон миқёсидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россияни тарихий ҳамда инсоний ришталар боғлаб туришини қайд этди.

Тарихий хотира

Давлат раҳбари Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб ўзбекистонликлар Ленинград мудофаасида иштирок этганини, Тошкент шаҳри эса бир ярим миллиондан зиёд эвакуация қилинган инсонларга бошпана берганини эслади.

«Тошкент бир ярим миллион нафардан ортиқ эвакуация қилинган болалар, аёллар ва кексаларга бошпана берган эди», — деди давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, бу тарихий воқеалар икки халқни боғлаб турувчи умумий маънавий мероснинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Глобал иқтисодиётда янги босқич

Президент Мирзиёев дунё чуқур трансформация жараёнларини бошдан кечираётганини таъкидлади. Қайд этилишича, транспорт йўлаклари ўзгармоқда, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда ва сунъий интеллект барча соҳаларга жадал кириб келмоқда.

Шунингдек, энергетик, озиқ-овқат ва рақамли хавфсизлик масалалари қайта кўриб чиқилаётгани, рақобат эса нафақат бозорлар ва ресурслар, балки технологиялар, логистика ва инфратузилма соҳаларида ҳам кучайиб бораётгани таъкидланди.

Президентнинг фикрича, глобал беқарорлик шароитида ҳамкорлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатли муносабатлар учун майдон ярата оладиган давлатлар ва минтақаларнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид