add

Тошкент дизайн коди лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Бугун 13:251 дақиқа

Пойтахтнинг меъморий қиёфаси, ташқи реклама ва жамоат маконларини тартибга солишга қаратилган ҳужжат муҳокамага қўйилди.

Тошкент дизайн коди лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Тошкент шаҳри учун ишлаб чиқилган дизайн код лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳужжат шаҳар муҳитини янада қулай, хавфсиз ва эстетик жиҳатдан уйғун шакллантиришни мақсад қилади.

Лойиҳа 25 декабр куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси йиғилишида кўриб чиқилган. Шундан сўнг, дизайн кодга оид барча иловалар regulation.gov.uz портали орқали очиқ муҳокама учун эълон қилинди.

Лойиҳа қуйидаги асосий йўналишларни тартибга солади:

Бинолар архитектураси: фасадлар, ранглар ва материаллар уйғунлиги;

Ташқи реклама: пешлавҳаларнинг ўлчами, шрифти ва жойлашуви;

Ободонлаштириш: тротуарлар, ёритиш тизимлари, ўриндиқлар ва кўкаламзорлаштириш;

Тарихий муҳит: маданий мерос обектларини асраб қолиш.

Пойтахт ҳокимлиги таъкидлашича, дизайн код нафақат ташқи кўринишни яхшилаш, балки тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш ва Тошкентнинг туристик жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Аниқ ва шаффоф қоидалар бизнес учун барқарор ва прогноз қилинадиган шаҳар муҳитини яратишга ёрдам беради.

Тошкент шаҳри дизайн коди халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган. Лойиҳа Citymakers International компанияси ҳамда Toshkent Invest билан ҳамкорликда тайёрланган. Жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 10 январга қадар давом этади ва фуқаролар ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини электрон тарзда билдиришлари мумкин.

Теглар

Мавзуга оид