Logo

Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхонаси қурилади

Бугун 19:192 дақиқа

Пойтахт маркази ва туризм кўчаларида жамоат ҳожатхоналарини қуриш учун топографик ишларга 140 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхонаси қурилади

Тошкент шаҳрининг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда аҳоли ва меҳмонлар ташриф буюрадиган объектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг 5 октябрдаги қарорида маълум қилинди.

Қарорга кўра, шохобчалар 2026 йилда замонавий лойиҳалар асосида соддалаштирилган тартибда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.

Амалдаги санитария меъёрларига кўра, жамоат ҳожатхоналари санитария-гигиена шохобчалари таркибига киритилади. Лойиҳа топшириғига қараб, шохобчаларда душ кабиналари, кийим алмаштириш ҳамда она ва бола хоналари ҳам ташкил этилиши мумкин.

Топографик ишларга 140,4 млн сўм ажратилади


100 та санитария-гигиена шохобчасини жойлаштириш учун топографик ишлар билан боғлиқ харажатларга 140,4 млн сўм ажратиш режалаштирилган. Маблағ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.

Маблағни «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот, шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти» МЧЖга ажратиш бўйича «Тошкент Инвест компанияси» АЖ кузатув кенгашига таклиф киритилади.

Ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини «Тошкент Инвест компанияси» АЖ таъминлайди. Молиялаштириш чораларини Тошкент шаҳар Ғазначилик хизмати бошқармаси кўради.

Маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекциясининг Тошкент шаҳар бошқармасига юкланган. Ажратилган маблағлар ижроси бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ҳисобот киритилади.

Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари А. Шовкатов зиммасига юкланган.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхонаси қурилади | Vaqt.uz