Тошкентда гуллар фестивали бўлиб ўтади
Миллий кутубхона майдонида бўлиб ўтадиган тадбирга кириш бепул.
© sputniknews.uz7–9 май кунлари Тошкент шаҳрида «Tashkent Flowers Fest — 2026» гуллар байрами ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбир ҳар куни соат 10:00 дан 22:00 га қадар Юнусобод туманидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси майдонида бўлиб ўтади. Фестивалга кириш бепул.
Фестивал муносабати билан 2 майдан 11 майга қадар қуйидаги кўча қисмлари транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади:
• Зарафшон кўчаси: Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси қўриқлаш пункти ва Мустақиллик шоҳ кўчалари оралиғидаги қисми;
• Истиқлол кўчаси: Амир Темур шоҳ кўчаси ва Буюк Турон кўчалари оралиғидаги қисми;
• Буюк Турон кўчаси: Истиқлол кўчаси кесишмасидан Ёшлар ижод саройигача бўлган қисми.
Фестивал дастуридан гуллар кўргазмаси, санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари ҳамда бадиий жамоаларнинг чиқишлари ўрин олган. Шунингдек, ташриф буюрувчилар учун турли интерфаол кўнгилочар дастурлар ташкил этилиши режалаштирилган.





