add

Тошкентда иссиқлик тизими 3 ноябрдан босқичма-босқич ишга туширилади

Шаҳар ҳокими қарорига кўра, ижтимоий объектларда иссиқлик таъминоти 3 ноябрдан, турар жой биноларида эса 5 ноябрдан бошлаб йўлга қўйилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Тошкентда иссиқлик тизими 3 ноябрдан босқичма-босқич ишга туширилади

Метеорологик хизмат маълумотларига асосан, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 2025 йилги иссиқлик мавсуми 3 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

3 ноябрдан эътиборан мактаб, болалар боғчаси, шифохона каби ижтимоий объектларда марказлашган иссиқлик таъминоти йўлга қўйилади.

Турар жой биноларида эса иссиқлик тизими 5 ноябрдан ишга туширилади. Ҳокимлик аҳолидан ва корхона ҳамда муассасалар раҳбарларидан ушбу жараёнда ҳамкорлик қилишни, тизим ишга туширилаётганда аниқланган носозликлар ёки муаммолар ҳақида зудлик билан хабар беришни сўрамоқда.

«Сизнинг турар-жойингизда ёки раҳбарлик қилаётган муассасангизда иссиқлик таъминоти ёқилиши жараёнида бирор-бир муаммо ва носозликларни аниқласангиз ёки иссиқлик етказиб берувчи ташкилот, ХУЖМШ ва БСК раҳбарлари ёки мутасаддилари томонидан белгиланган ишларни тўлақонли амалга оширилмаётганлигининг гувоҳи бўлсангиз 1055  ёки (71) 210-01-87 рақамларига ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади расмий хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, фуқароларнинг бундай фаол иштироки иссиқлик таъминоти тизимидаги мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга катта ёрдам беради. Бунинг натижасида мавсум давомида барча объектларда барқарор иссиқлик таъминланади.

2024 йилда пойтахтда иссиқлик таъминоти 7 ноябрда ишга туширилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентда иссиқлик тизими 3 ноябрдан босқичма-босқич ишга туширилади | Vaqt.uz