add

«Тошшаҳартрансхизмат» автобус шиналари бўйича расмий изоҳ берди

Бугун 11:552091 дақиқа

Ижтимоий тармоқларда автобуслар шиналари талабга жавоб бермаслиги ҳақида видеолар тарқалгандан сўнг, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, шиналарни алмаштириш ишлари режали тарзда амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» автобус шиналари бўйича расмий изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда King Long русумли автобусларнинг автошиналари ҳолати талаб даражасида эмаслиги акс этган видеолар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, Хитой Халқ Республикасидан харид қилинган King Long ва Yutong русумли автобус ҳамда электробуслардан фойдаланиш бир вақтда бошланган. Шу сабабли, улардаги автошиналарнинг хизмат муддати ҳам деярли бир пайтга тўғри келган.

Қайд этилишича, ҳар йили куз-қиш мавсуми арафасида жамоат транспорти паркларида автошиналарни оммавий равишда алмаштириш зарурати юзага келади. Бу эса техника хавфсизлиги ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш билан боғлиқ стандарт талаблардан келиб чиқади. Автошиналарга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш мақсадида уларни алмаштириш ишлари жорий йил ёз мавсумидан бошлаб белгиланган тартибда олиб борилмоқда.

Шунингдек, жамият ҳозирги кунда автошиналарни босқичма-босқич харид қилиш, техник ҳолатни доимий мониторинг қилиш ва хизмат муддати тугаган шиналарни янгиларига алмаштириш бўйича тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Мазкур масала «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан доимий назоратда экани таъкидланди.

Теглар

Мавзуга оид