Logo

Трамп 20 млн катта ёшли америкаликка салкам 100 доллардан бермоқчи

Бугун 14:443 дақиқа

Тўловларнинг умумий миқдори қарийб 2 млрд долларни ташкил этади. Оқ уй раҳбари сентябр ойида барча катта ёшли фуқароларга 5000 доллардан беришни ваъда қилганди.

Трамп 20 млн катта ёшли америкаликка салкам 100 доллардан бермоқчи © Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп 20 миллиондан ортиқ катта ёшли америкаликка Medicare дастури доирасидаги суғурта тўловлари харажатларини қоплаш учун бир марталик тўловлар берилишини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Тўловларнинг умумий миқдори қарийб 2 миллиард долларни ташкил этади. Оқ уй раҳбари, шунингдек, 3-ноябр куни ўтказилиши режалаштирилган Вакиллар палатаси ва Сенатга оралиқ сайловларда Республика партияси ғалаба қозонса, АҚШдаги барча катта ёшли фуқароларга 5000 доллардан беришни яна ваъда қилди. У сентябр ойида ҳам шундай режалар ҳақида гапирган ва бунинг учун бюджетдан 1 триллион доллардан ортиқ маблағ керак бўлишини айтган.

Маблағлар Medicare’ни такомиллаштириш жамғармасидан (Medicare Improvement Fund) ажратилади. Medicare дастурини яхшилаш учун Конгресс жамғармага 2 миллиард доллар ажратган.

«Мен маъмуриятим Medicare Part B суғурта бадалларини тўлашда ёрдам бериш учун 20 миллиондан ортиқ ажойиб катта ёшли америкаликка қарийб 100 доллардан “чеклар”ни зудлик билан юборишни бошлашини мамнуният билан эълон қиламан», — деб ёзди Трамп.

Президент ушбу тўловлар унинг маъмурияти фикрига кўра, АҚШдаги беморларни ҳимоя қилиш ва тиббий хизматларни ҳамёнбоп қилиш тўғрисидаги қонун (Affordable Care Act, ACA) доирасида тиббий суғурта режалари учун ортиқча пул тўлаган қарийб 1 миллион америкаликка маблағларни қайтариш бўйича алоҳида дастур билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Трамп, шунингдек, оралиқ сайловларда республикачилар ғалаба қозонса, ҳар бир АҚШ фуқаросига ваъда қилган 5 минг долларлик «Трамп дивиденди» берилишини ҳам айтди.

Medicare Part B — федерал Medicare тиббий суғурта дастурининг бир қисми бўлиб, шифокорлар ва бошқа тиббиёт мутахассислари хизматлари, амбулатор даволаниш, айрим тиббий ускуналар ва профилактика хизматларини қоплайди.

Part A’дан фарқли равишда, Part B дастурининг аксарият иштирокчилари ҳар ой суғурта бадали тўлайди. 2026-йилда стандарт бадал ойига 202,90 долларни ташкил этади, даромади юқори бўлган одамлар учун эса бу сумма кўпроқ бўлиши мумкин.

Оқ уй маълумотларига кўра, бир марталик тўлов миқдори ҳар бир киши учун 90 долларни ташкил этади. Тўлов олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг аксарияти маблағни октябр ойи бошида тўғридан-тўғри ҳисоб рақамига олади. Тўғридан-тўғри депозитдан фойдаланмайдиганларга эса чеклар Medicare’да рўйхатдан ўтган манзилига почта орқали юборилади. Суғурта бадаллари аллақачон Medicaid томонидан тўлаб берилаётганлар, шунингдек, даромадига қараб қўшимча бадал тўлайдиган фуқароларга тўлов берилмайди.

Сентябр ойида Трамп ноябр ойидаги оралиқ сайловлардан кейин Республика партияси Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчиликни сақлаб қолса, вояга етган америкаликларга 5 минг доллардан беришга ваъда қилган эди.

Далласдаги республикачилар съездида Трамп оралиқ сайловларда республикачилар ғалаба қозониб, Конгресснинг ҳар икки палатаси устидан назоратни сақлаб қолса, АҚШнинг вояга етган фуқароларига 5 минг доллардан тўлашга ваъда берган. У бу тўловларни «Трамп дивидендлари» деб атаган. «The Guardian» баҳосига кўра, тўловларни 235 миллиондан ортиқ киши олиши мумкин, дастурнинг умумий қиймати эса 1 триллион доллардан ошади. Трамп маблағ манбасини аниқ айтмаган, вице-президент Жей Ди Вэнс эса тарифлардан тушадиган даромадлардан фойдаланиш мумкинлигини айтган.

АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар 2026-йил 3-ноябрда бўлиб ўтади. Унда Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси ва сенаторларнинг қарийб учдан бир қисми қайта сайланади.

Шунингдек, Трамп Конгресс сайловларида демократларнинг ғалабаси «дўзах» бўлишини ва америкаликлар чегаралар, солиқ имтиёзлари, хавфсизлик ва фаровонликдан маҳрум бўлишини айтди.

Аввалроқ «Bloomberg» Трамп ва унинг оиласи собиқ СССР ҳудудида бизнесини кенгайтираётгани ҳақида ёзганди.

Теглар

Мавзуга оид