Трамп: «Эрон ҳарбий қудратидан маҳрум қилинди, Ҳўрмузни очишда ёрдам қилинглар»
Оқ уй раҳбари Эроннинг ҳарбий салоҳияти тор-мор этилганини эълон қилиб, дунё етакчиларини Ҳўрмуз бўғозини қамалдан қутқариш учун ҳарбий кемаларини юборишга чақирди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Эроннинг асосий ҳарбий кучлари тор-мор этилгани ва мамлакат раҳбарияти «бошсиз қолганини» маълум қилди.
Трампнинг таъкидлашича, Теҳроннинг кенг кўламли уруш олиб бориш имконияти қолмаган бўлса-да, кичик диверсиялар хавфи ҳали ҳам мавжуд. У Хитой, Буюк Британия, Франция, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларни Ҳўрмуз бўғозида биргаликда патруллик қилиш учун ҳарбий денгиз кучларини сафарбар этишга чорлади.
«Эрон битта-иккита дрон юбориши, ракета учириши ёки мина ўрнатиши жуда осон. Шу сабабли Ҳўрмуз бўғозига боғланиб қолган давлатлар АҚШ билан биргаликда ўз ҳарбий кемаларини юборишлари шарт», деб ёзди Трамп «Truth Social» тармоғидаги саҳифасида.
Президент Вашингтон минтақани барқарорлаштириш учун Эроннинг соҳилларини аёвсиз бомбардимон қилишда давом этишини ва яқин орада бўғозни кемалар қатнови учун хавфсиз ва эркин қилишини қатъий таъкидлади.
Бўғоз учун кураш
Трампнинг баёнотига кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг қолдиқ флоти ва соҳил бўйидаги қурилмаларини доимий равишда йўқ қилиб боради. Гарчи 11 март куни президент операция тез орада тугашини ва нишонлар деярли қолмаганини айтган бўлса-да, амалда ҳужумлар тўхтатилгани йўқ.
«The Wall Street Journal» нашрининг ёзишича, Трамп Эроннинг ҳарбий ва прокси кучларига зарба беришни давом эттириш ниятида. Пентагон вакиллари эса можаро камида яна бир неча ҳафта давом этиши мумкинлигини башорат қилишмоқда.
Ҳўрмуз бўғози дунёдаги энг муҳим энергия артерияси бўлиб, унинг ёпилиши глобал иқтисодиёт учун ҳалокатли ҳисобланади. Трампнинг халқаро коалиция тузиш ҳаракати Эроннинг бўғозни назорат қилиш уринишларига жавобан қўйилган стратегик қадамдир.
Операциянинг яширин хатарлари
Уруш бошлангунига қадар АҚШ Бош штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Дэн Кейн Трампни Эрон бўғозни ёпиб қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Трамп бу хавфни тан олган бўлса-да, Теҳрон бўғозни тўсиб қўйишга улгурмасдан таслим бўлади, деган тахмин билан ҳужумни бошлаган эди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтган бўлса-да, Эрон раҳбарияти чекинмаяпти ва бўғозни асосий босим воситаси сифатида ушлаб турибди.
Ҳозирги вазиятда Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт ва газ етказиб бериш занжири узилиши ёқилғи нархининг кескин кўтарилишига олиб келди.





