Трамп: «Иқлим ўзгариши — бу шунчаки бир алдов!»

24.09.2025 | 19:404 дақиқа

АҚШ президенти Доналд Трамп БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида иқлим ўзгаришини «дунёдаги энг катта алдов» деб баҳолади. У қайта тикланувчи энергияга сармоя йўналтирган давлатларни иқтисодий муаммолар кутаётганини таъкидлади.

Трамп: «Иқлим ўзгариши — бу шунчаки бир алдов!»
23 сентябр куни Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг 80-Бош Ассамблеясида АҚШ президенти Доналд Трамп иқлим ўзгаришига оид халқаро ташаббусларни кескин танқид қилди. У ўз чиқишида глобал исишни «дунёдаги энг катта алдов» деб атади ва БМТ ҳамда Европа Иттифоқи олиб бораётган экологик сиёсатни иқтисодиётга зарар етказишда айблади. Трамп Европа Иттифоқининг углерод чиқиндиларини қисқартириш сиёсати иқтисодий йўқотишларга олиб келганини қайд этди. Унга кўра, қайта тикланувчи энергияга йирик сармоя киритаётган давлатлар ҳам шундай муаммоларга дуч келиши мумкин. “Бу прогнозлар нотўғри бўлган, уларни тўғри баҳолай олмаган одамлар мамлакатлар иқтисодиётини ҳалокатга олиб келди», дея қўшимча қилди у. АҚШ Трамп президентлиги даврида Париж келишувидан иккинчи марта чиқишини расмийлаштирди. Бу билан у иқлим келишувига қўшилмаган давлатлар – Йемен, Эрон ва Ливия қаторидан жой олди. Трамп маъмурияти «энергетик устунлик» дастурини илгари суриб, нефт, газ, кўмир ва ядро соҳаларида ишлаб чиқариш ва экспортни кучайтираётганини билдирди. «Бизда дунёдаги энг катта нефт ва газ захиралари мавжуд. Кўмирни қўшсак, ҳеч бир давлатда бундай имконият йўқ», деди Трамп. Унинг сўзлари эртаси куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бошчилигида ўтказилиши кутилган иқлим саммити арафасида янгради. Гутерриш жорий йил июн ойида дунёда тоза энергияга сармоялар 2 триллион долларга етганини, бу кўрсаткич фосил ёқилғидан ( нефт, газ, кўмир) 800 миллиардга кўп эканини таъкидлаган эди. У халқаро ҳамжамиятни фосил ёқилғидан воз кечиб, барқарор энергия манбаларига ўтишга чақирган.

Теглар

Мавзуга оид