
Трамп Қозоғистон Иброҳим келишувларига қўшилишини айтди
Қозоғистон Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги Иброҳим келишувларига қўшилиши маълум қилинди.
Қозоғистон расмий равишда Исроил ва қатор араб мамлакатлари ўртасидаги Иброҳим келишувларига қўшилиш ниятини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social’да ёзди, дея хабар қилмоқда «Reuters» ахборот агентлиги.
Трампнинг сўзларига кўра, Қозоғистон унинг “иккинчи президентлик муддатида келишувларга қўшиладиган илк давлат” бўлади. Яқин кунларда келишувни расмий имзолаш маросими ўтказилиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Остона бу орқали ўзининг Исроил билан алоқаларини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашни кўзламоқда. Қозоғистон 1992 йилдан бери Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатган бўлиб, икки давлат ўртасида мудофаа, киберхавфсизлик, энергия ва озиқ-овқат технологиялари соҳаларида ҳамкорлик аллақачон йўлга қўйилган.
Вашингтонда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари саммити олдидан АҚШ давлат котиби Марко Рубио Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашиб, савдо, инвестиция, энергия ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
Маълумот учун, Иброҳим келишувлари илк бор 2020 йилда БАА ва Баҳрайн билан имзоланган, кейинчалик Марокаш ва Судан қўшилган. Қозоғистоннинг бу жараёнга қўшилиши Исроилнинг Ғазодаги уруш туфайли юзага келган дипломатик яккаланишини юмшатиши мумкин, деган фикрлар ҳам билдирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва АҚШ ўртасида критик аҳамиятга эга бўлган минераллар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳақида хабар берган эдик.





