add

Трамп томонидан билдирилган таҳдидлар Эрондаги беқарорликни кучайтирмоқда — БМТ

БМТ Хавфсизлик кенгашида Эрондаги намойишлар ва ташқи ҳарбий таҳдидлар минтақавий хавфсизликка таъсири муҳокама қилинди.

Трамп томонидан билдирилган таҳдидлар Эрондаги беқарорликни кучайтирмоқда — БМТ

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 январдаги йиғилишида Эрондаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътибор марказида бўлди. Ташкилотнинг юқори мартабали расмийси АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан билдирилган ҳарбий таҳдидлар аллақачон кескинлашган ички сиёсий муҳитни янада беқарорлаштираётганини таъкидлади.

Сўнгги ҳафталарда Эрон Ислом Республикасида ҳукуматга қарши энг йирик намойишлардан бири кузатилди. Ҳукумат томонидан куч ишлатилиши, интернетга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши натижасида кўчадаги фаоллик бироз пасайган бўлса-да, вазият барқарор деб баҳоланмаяпти. Намойишлар сабаблари орасида иқтисодий қийинчиликлар ва ташқи сиёсий харажатларга нисбатан норозилик алоҳида ўрин тутади.

Йиғилишда асосий эътибор Доналд Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилган ҳарбий чоралар ҳақидаги баёнотларга қаратилди. АҚШ расмийлари, агар Теҳрон намойишчиларга нисбатан ўлим жазосини қўллашни давом эттирса, куч ишлатиш эҳтимоли сақланиб қолаётганини билдирган. Бироқ минтақадаги айрим давлатлар дипломатик каналлар орқали вазиятни ҳарбий тўқнашувга олиб бормасликка чақиргани маълум қилинди.

БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Марта Поби ташқи таҳдидлар ички инқирозни янада чуқурлаштираётганини айтиб, барча томонларни вазминликка даъват қилди.

«Эронга эҳтимолий ҳарбий зарбалар бериш ҳақидаги турли очиқ баёнотларни хавотир билан кузатмоқдамиз. Ушбу ташқи омил аллақачон таранг вазиятга янада беқарорлик қўшмоқда. Вазият ёмонлашишининг олдини олиш учун барча чоралар кўрилиши шарт».

Эроннинг БМТдаги доимий вакили АҚШни ички норозиликлардан геосиёсий мақсадларда фойдаланишда айблади. Ўз навбатида, АҚШ элчиси Вашингтон Эрон аҳолисининг ҳуқуқ ва хавфсизлиги халқаро тинчлик масаласи эканини билдирди.

Йиғилишда сўзга чиққан журналист Масих Алинежод эса миллионлаб эронликлар ташқи қуролли гуруҳларга сарфланаётган маблағларга қарши эканини таъкидлади. «Миллионлаб эронликлар ўз пуллари ўғирланиши ҳамда ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ ва ҳусийларга юборилишини тўхтатишни талаб қилиб, кўчаларга чиқди», деди у Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳларга ишора қилиб.

Теглар

Мавзуга оид