Трамп Вашингтонни қўллаб-қувватламаган давлатлар билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқмоқчи
Оқ уй раҳбари Ҳўрмуз бўғозидаги вазият туфайли ёқилғи таъминотида қийинчиликка учраётган, бироқ ҳарбий коалицияда қатнашишдан бош тортган давлатларга иккита таклиф берди.

Америка етакчиси Доналд Трамп Эронга қарши урушда Вашингтонни қўллаб-қувватлашдан бош тортган давлатларга АҚШ бошқа ёрдам кўрсатмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Nur.kz хабар бермоқда.
Оқ уй раҳбари ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғида янги пост қолдирди. Унда Хўрмуз бўғозидаги вазият сабабли авиация ёқилғисини ололмаётган ва Эронга қарши урушда қатнашишдан бош тортган давлатларга мурожаат қилган.
«Сизлар учун таклифларим бор. Биринчиси — ёқилғини АҚШдан сотиб олинг, бизда у етарли. Иккинчиси — жасорат йиғиб, бўғозга боринг ва уни шунчаки тортиб олинг. Сиз ўз-ўзингиз учун курашишни ўрганишингиз керак бўлади. Сиз бизнинг ёнимизда бўлмаганингиз каби, АҚШ ҳам энди сизга ёрдам бермайди», — деб ёзди Трамп.
Бундан аввал BBC рус хизмати хабар берганидек, Доналд Трамп НАТО бўйича иттифоқчилари ва ҳамкор давлатларни Ормуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришга чақирган эди.
Қайд этилишича, Трамп бўғозни ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузиш устида ишламоқда ва Эроннинг стратегик муҳим Харк оролини эгаллаб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ ОАВ хабарларига кўра, Буюк Британия, Франция, Германия ва Жанубий Корея ўз ҳарбий кемаларини Ҳўрмуз бўғози ҳудудига юборишга тайёр эмас. Шу сабабли коалиция тузиш ва бўғозни блокдан чиқариш режасини «шошилинч тарзда» тайёрлашга тўғри келмоқда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Трампнинг чақириқларига рад жавобини бергани маълум бўлди. Шу билан бирга, ЕИ Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши «жаҳон иқтисодиётига зарар етказиши ва Россияга урушни молиялаштиришга ёрдам беришини» таъкидламоқда.
Ушбу рад жавобларидан сўнг Доналд Трамп Эронга қарши урушда қатнашишдан бош тортгани учун НАТО давлатларини кескин танқид қилиб, ғазабли пост қолдирди.





