add

Тугатилаётган «Янги банк» мижозларни фирибгарлардан огоҳлантирди

Бугун 15:282 дақиқа

Банк паспорт маълумотлари, омонатлар бўйича шартнома рақамлари ва SMS-кодларни ҳеч кимга бермаслик сўрамоқда.

Тугатилаётган «Янги банк» мижозларни фирибгарлардан огоҳлантирди

Марказий банк бугун, 15 январ куни «Янги банк»нинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олингани ҳақида маълум қилди

2023 йил май ойида берилган лицензия устав капитали бўйича талаблар бажарилмагани учун чақириб олинмоқда. Регулятор талаби 500 млрд сўм бўлса, “Янги банк»нинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил қилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади. Яъни 32 153 та омонатчида «Янги банк»да 200 млн сўмгача пули бўлган. 

Қонун бўйича банкларда омонатларнинг 200 млн сўмгача қисми кафолатланган, шу сабабли уларга омонатлари тўлиқ қайтарилади. 

Қолган 373 нафар фуқаро эса «Янги банк»да 200 млн сўмдан кўпроқ пул сақлаган. Уларнинг пуллари тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилиши айтилган. 

«Янги банк» бу вазиятга расмий муносабат билдирди. «Уч кун ичида маблағларни қайтариш ва бошқа кредиторлик қарздорликни бартараф этиш бўйича аризаларни топшириш тартиби ҳақида батафсил расмий маълумот эълон қилинади», — дейилади хабарда. 

Банк ҳозирда фирибгарлар мижозларга шахсий хабарлар орқали оммавий равишда ёзиб, «омонатларни қайтаришда ёрдам бериш»ни таклиф қилаётгани, бу мутлақо ёлғон эканини хабар берди. 

Паспорт маълумотлари, омонатлар бўйича шартнома рақамлари, SMS-кодлар ҳамда карта ва ҳисобрақам маълумотларини ҳеч кимга бермаслик сўралмоқда. 

Омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши бўйича батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг +998-55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкин.

Теглар

Мавзуга оид