add

Турк фармкомпаниялари Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда

Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда фармацевтика йўналишида қўшма лойиҳалар, маҳаллий ишлаб чиқариш ва технологиялар трансфери масалалари муҳокама қилинди.

Турк фармкомпаниялари Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон фармацевтика бозорига турк компанияларини жалб этиш бўйича амалий музокаралар бошланди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Истанбул шаҳрида Туркиянинг етакчи фармацевтика компаниялари ва соҳавий тузилмалари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Музокаралар Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилди. Учрашувларда Туркия палаталар ва биржалар иттифоқи ҳамда турк фармацевтика саноатининг йирик вакиллари иштирок этди. Хусусан, «Abdi İbrahim İlaç», «Atabay Kimya», «Humanis Sağlık» ва «Koçak Farma İlaç ve Kimya» раҳбарияти билан фикр алмашилди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити ва меъёрий-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, бозорга чиқариш тартиб-таомиллари ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон фармацевтика бозорининг юқори ўсиш салоҳияти, аҳолининг дори воситаларига бўлган талабининг ортиб бориши ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурларини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, фармацевтика кластерлари ва эркин иқтисодий зоналардаги солиқ ҳамда божхона имтиёзлари турк компанияларига тақдим этилди.

Туркия томони дори воситаларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, клиник тадқиқотлар, сифат назорати ва экспорт-импорт тартибларига қизиқиш билдирди. Ташриф доирасида делегация аъзолари турк компанияларининг ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиб, GMP стандартлари ва илғор технологиялар бўйича маълумот олди.

Теглар

Мавзуга оид