Logo

«Uklon» такси хизмати Ўзбекистонда устун мавқега эга рақамли платформа деб топилди

Бугун 11:152 дақиқа

Устун мавқега эга бўлган корхоналар ўз хоҳишига кўра рақобатчилардан мустақил равишда бозор қоидаларини, нархларни ва шартларни ўзгартириш ҳамда бошқа компанияларнинг бозорга киришига ёки эркин фаолият юритишига тўсқинлик қила олиши мумкин.

«Uklon» такси хизмати Ўзбекистонда устун мавқега эга рақамли платформа деб топилди © yandexmaps

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг тегишли буйруғига асосан, «Uklon UB» МЧЖ хорижий корхонаси йўловчиларни ташиш (такси) учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, платформа оператори фаолиятида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳамда устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсад қилинган. Шу муносабат билан, «Uklon» компаниясига мажбурий тартибда Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади.

Шунингдек, ваколатли орган томонидан ушбу рақамли платформа операторининг фаолияти устидан тегишли тартибда доимий мониторинг ўтказиб борилиши қайд этилган.

Маълумот ўрнида, ушбу мақом компаниянинг рақобатчиси «Yandex» платформасига 2024 йилда берилган.

Иқтисодчи эътирози

Иқтисодчи Отабек Бакиров Қўмитанинг мазкур қарори қандай мезонларга асосланганини сўроқ остига олиб, бозордаги реал ҳолат ва бошқа йирик ўйинчилар ҳақида фикр билдирди.

«Қизиқ, ўн марта уринсанг, бир марта зўрға такси ушласа бўладиган «Uklon» бозор улуши қанча экан? Қайси мезон бўйича «Uklon» устун мавқега эга деб топилган? Тушум миқдори (100 000 БҲМ+)ми? Фойдаланувчилар сони (50 минг +)ми?» — дея саволларни ўртага ташлаган иқтисодчи.

Шунингдек, Бакиров такси бозоридаги бошқа агрегаторлар ҳаракатига ҳам тўхталиб ўтган:

«Дарвоқе, бозорга ошкора демпинг билан кирган ва «Yandex»да муаммолар юзага келгач, нархларни каррасига оширган пушти-сиёҳранг (WB такси назарда тутилган) оператор қачон монополист деб топилади?» — дейди у.

Маълумот учун, 2010-йилда ташкил этилган «Uklon» — Украинадаги энг йирик онлайн такси ва етказиб бериш хизмати ҳисобланади. Илованинг асосий хусусияти йўловчига сафар нархини мустақил созлаш имконини беришидир («inDrive»даги каби). Ўзбекистондаги фаолиятини 2023-йилнинг июн ойида Тошкент шаҳрида бошлаган платформа сўнгги ойларда Фарғона водийсининг бешта шаҳри — Фарғона, Марғилон, Қўқон, Наманган ва Андижонда ҳам ўз хизматларини йўлга қўйди.

Теглар

Мавзуга оид