Украинада урушдан сўнг мамлакатни тўлиқ қайта қуриш бўйича инқилобий режа ишлаб чиқилди
Украина вайрон бўлган инфратузилмани шунчаки тиклаш билан чекланмоқчи эмас. Мамлакат энергетикадан тортиб шаҳар муҳитигача бўлган барча тизимларни тубдан қайта қуришга ва янгича моделга ўтишга тайёргарлик кўрмоқда.

«Foreign Policy» нашрининг ёзишича, Украинада меъморлар, муҳандислар ва фаоллардан иборат ҳаракат кучайиб бормоқда. Улар мамлакатни урушдан кейинги тиклаш жараёнини «аввалгидан ҳам яхшироқ қуриш» концепцияси асосида амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Урбанист Виктор Рябокиннинг сўзларига кўра, уруш оқибатидаги вайронагарчиликлар қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик, эскирган уй-жой фонди ва сифатли шаҳар муҳитининг етишмаслиги каби азалий муаммоларни яққол кўрсатиб қўйди. Эндиликда млнлаб кўчирилган аҳоли учун уй-жойларни қайта тиклаш арзон бошпаналар, парклар ва қайта тикланадиган энергияга асосланган янги ривожланиш моделига айланиши мумкин.
Яшил энергетика ва хавфсизлик
Вайрон бўлган шаҳарларни тиклашда энди оддий таъмирлаш эмас, балки қуёш панеллари, иссиқлик насослари ўрнатиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш каби модернизация ишлари олиб борилмоқда.
Стратегиянинг энг муҳим элементи — марказлашмаган энергетикага ўтишдир. Россиянинг инфратузилмага берган зарбалари марказлашган тизимнинг нақадар заиф эканини кўрсатди. Бунга жавобан, Украина ишдан чиқариш анча қийин бўлган тарқоқ энергия манбаларига эътибор қаратмоқда. Масалан, Киев яқинидаги Горенка қишлоғидаги шифохона «Greenpeace» кўмагида қуёш панеллари билан таъминланди ва энди у тармоқдан узилган ҳолатда ҳам автоном ишлай олади.
Европа Иттифоқи ва баҳслар
Европа Иттифоқи ва халқаро донорлар бундай «яшил тикланиш»ни фаол қўллаб-қувватламоқда: ажратиладиган молиялаштиришнинг камида 20 фоизи иқлим ва экологик лойиҳаларга йўналтирилиши шарт. Ҳозир мактабларни реконструкция қилишдан тортиб, қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашгача бўлган юзлаб ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Бироқ, бу ёндашув жамиятда муайян баҳсларни ҳам келтириб чиқармоқда. Баъзилар экологик стандартлар тикланиш жараёнини секинлаштиришидан ҳамда бозор эркинлашуви ортидан энергия нархлари ошиб кетишидан хавотирда.
Шунга қарамай, Украина ҳукумати 2050-йилга бориб қайта тикланадиган энергетика улушини 80 фоизга етказишни стратегик мақсад қилиб белгилаган. Бу тикланиш жараёни нафақат қурилиш, балки мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий ва иқлим лойиҳасига айланганини кўрсатади.

