Уй-жой учун ипотека: қайси банклар энг паст фоизли кредитларни таклиф қилмоқда?
Ўзбекистонда Марказий банки банклар кесимида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
© istockЎзбекистон Марказий банкининг 2026 йил 1 июн ҳолатига кўра, аҳоли учун ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкасини эълон қилди. Янги ҳафтада ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 22,1 фоизни ташкил этган. Рейтингда банклар ўртасидаги фарқ сезиларли бўлиб, энг паст ва энг юқори ставкалар ўртасида 7 фоиздан ортиқ тафовут кузатилмоқда.
Энг паст ипотека фоиз ставкасини 19,2 фоиз билан «Milliy bank» таклиф қилмоқда. Шунингдек, «Orient Finans bank»да ипотека кредити 20,0 фоиз, «Aloqabank»да 20,8 фоиз ва «SQB»да 20,9 фоиздан ажратилмоқда. «Ипотека банк» 21,7 фоиз, «Hamkorbank» 21,9 фоиз ставка билан ипотека кредитларини тақдим этмоқда.
Ўрта диапазондаги банклар қаторига «Agrobank» (22,6 фоиз), «BRB» (22,7 фоиз), «Xalq banki» (23,1 фоиз) ва «Ipak Yuli banki» (23,4 фоиз) киради. Шунингдек, «Асакабанк» 24,2 фоиз, «Infinbank» 24,5 фоиз, «Trastbank» ва «Mikrokreditbank» эса 24,6 фоиз ставка билан ипотека кредитларини таклиф этмоқда.
Юқори сегментда эса ставкалар 25 фоиз ва ундан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жумладан, «Open bank» 25,0 фоиз, «Turon bank» 25,9 фоиз ҳамда «Универсал банк» ва «Asia Alliance bank» 26,0 фоиз ставкада ипотека кредитларини ажратмоқда. Энг юқори кўрсаткич эса 26,3 фоиз билан «Davr bank» ҳиссасига тўғри келган.

Манба: Марказий банк
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари ҳақида маълумот берган эдик.





