Logo

«Uzum Market» бонд омбори орқали савдони бошлайди: бу сотувчи ва харидорга нима беради?

Бугун 20:202 дақиқа

Янги тартибда тадбиркорлар импорт товарлари учун божхона тўловларини маҳсулот сотилганидан кейин амалга оширади.

«Uzum Market» бонд омбори орқали савдони бошлайди: бу сотувчи ва харидорга нима беради? © Foto: uzum

«Uzum Market» маркетплейси 30-ноябрдан бонд омбори орқали импорт товарлар сотишни бошлайди.

Бонд омбори сотувчига нима беради?

Маълум қилинишича, янги тизимда сотувчи хориждан олиб келган маҳсулотини Ўзбекистон ҳудудидаги махсус омборда сақлаши мумкин. Божхона тўловлари эса товар харидорга сотилган пайтда ҳисобланади.

Масалан, омборга минг дона маҳсулот олиб келинган, аммо фақат юз донаси сотилган бўлса, қолган тўққиз юз дона учун тўловни дарҳол қилиш шарт эмас. Бу тадбиркорларга айланма маблағларни тежаш имконини беради.

Бундан ташқари, товарлар мамлакат ичида сақлангани сабабли буюртмаларни етказиб бериш муддати ҳам қисқаради. Бонд омборидан чиқарилган маҳсулот кейинги куниёқ маркетплейс омборига етказилиши кутилмоқда.

Қайси товарларга божхона тўловлари камаяди?

Президентнинг ПҚ–136-сонли қарорида бонд омбори орқали сотиладиган айрим товарлар учун алоҳида ставкалар белгиланган. Хусусан, биринчи рўйхатга киритилган маҳсулотлар учун 5 фоизлик ягона божхона тўлови, иккинчи рўйхатдаги товарлар учун эса 3 фоиз божхона божи ва ҚҚС қўлланади. Бошқа маҳсулотларга умумий тартиб амал қилади.

Бу ўзгариш айрим импорт товарларнинг харидор учун арзонлашишига олиб келиши мумкин. Бироқ якуний нархга сотувчининг устамаси, омбор хизмати ва етказиб бериш харажатлари ҳам таъсир қилади.

Жисмоний шахслар учун божсиз лимитлар татбиқ этилмайди

Бонд омбори орқали сотиладиган маҳсулотлар жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган. Шу боис фуқаролар учун белгиланган божсиз олиб кириш меъёрлари бу савдога қўлланмайди.

Теглар

Мавзуга оид

«Uzum Market» бонд омбори орқали савдони бошлайди: бу сотувчи ва харидорга нима беради? | Vaqt.uz