add

Ветнам хавф остида: Минглаб одамларни бошпанасиз қолдирган тайфун яна қўзғалмоқда

Метеорологлар «Калмаеги» тайфуни яна кучайганини ва у Ветнамнинг марказий ҳудудлари томон шиддат билан ҳаракатланаётганини маълум қилди.

Ветнам хавф остида: Минглаб одамларни бошпанасиз қолдирган тайфун яна қўзғалмоқда

Филиппин ҳукуматига кўра, мамлакатга ёпирилиб келган «Калмаеги» тайфуни оқибатида камида 114 киши ҳалок бўлиб, яна 127 киши бедарак йўқолган. Президент Фердинанд Маркос ёппасига фавқулодда ҳолат эълон қилиб, яна бир янги тўфон яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ ҳарбий денгиз кучларига қарашли Қўшма тўфон огоҳлантириш маркази (JTWC) хабарига кўра, «Калмаеги» тўфони шиддатини яна орттирган ва ҳозирда Ветнамнинг марказий ҳудудларига томон ҳаракатланмоқда.

2

Ташкилотнинг Ветнам маҳаллий вақти билан пайшанба соат 10:00 (GMT 03:00) да берилган сўнгги огоҳлантиришида тўфоннинг Ветнам соҳилига шиддат билан яқинлашаётгани ва максимал кучайиш босқичига етганини маълум қилган.

Марказ маълумотига кўра, «Калмаеги» 4-категорияли тўфон даражасига кўтарилган ва у марказий Ветнамдаги Қуйнён шаҳри шимолидаги соҳилга бориб урилади. Маҳаллий номланиши «Тино» бўлган бу тайфун сешанба куни Филиппин марказий ҳудудларида саккизта минтақадан қуруқликка чиқиб, катта талафот келтирган.

3

Айни пайтда энг кўп зарар кўрган Себу вилоятидаги вайроналар акс этган сурат ва видеолар тарқалмоқда. Чоршанба куни довул сўнгги изларини қолдирган ҳудудда эвакуация қилинган 200 мингга яқин аҳоли ўз уйларига қайтиб, уйларнинг вайрона бўлганини, автомашиналар ағдарилиб ётганини ва кўчаларни хас-чўп тўсиб қолганини кўришган.

«Энг катта муаммо — чиқиндилар, уларни тез тозалаш керак. Бу ишларни зудлик билан амалга ошириш лозим. Бу нафақат бедарак йўқолганларни излаш учун, балки ёрдам операцияларини тезлаштириш учун ҳам зарур», дейди Фуқаро муҳофазаси расмийси Раффи Алехандро маҳаллий DZBB радиоси орқали.

Президент Маркос офатга қарши штаб йиғилишидан сўнг журналистларга буни «миллий фожиа» деб атади. У фавқулодда ҳолат эълон қилиниши озиқ-овқат захираларини сунъий қимматлаштиришни олдини олиш имконини беришига урғу берди.

45

Шунингдек, у шимолий Филиппинга яқинлашиб келаётган навбатдаги «Фунг-вонг» (маҳаллий номи «Уван») тайфуни ҳақида ҳам огоҳлантирди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, у «Калмаеги»дан ҳам кучли бўлиши мумкин.

PAGACAнинг маълум қилишича, «Фунг-вонг» шанба кунига бориб супер-тайфун даражасига етади. У жума кечаси ёки шанба бошида мамлакатга кириши ва Лусон оролининг шимолий ёки марказий қисмига, жумладан, пойтахт Манила жойлашган ҳудудга урилиши эҳтимоли ортиб бормоқда.

Шу пайтда «Калмаеги» Жанубий Хитой денгизидан ўтиб, Ветнам соҳилларига яқинлашар экан, ҳукумат 350 минг нафар аҳолини хавфли ҳудудлардан эвакуация қилиш учун минглаб ҳарбийларни сафарбар қилди.

Расмийлар кучли ёмғир ва шамол марказий вилоятларда тошқинлар келтириб чиқариши ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини, жумладан, ҳозирги пайтда давом этаётган қаҳва ҳосили йиғимини издан чиқариши мумкинлигини айтмоқда.

Ветнам авиация идораси эса мамлакатдаги саккизта аэропорт, жумладан Danah халқаро аэропорти фаолияти тўфондан жабр кўриши мумкинлигини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид

Ветнам хавф остида: Минглаб одамларни бошпанасиз қолдирган тайфун яна қўзғалмоқда | Vaqt.uz