Logo

Визасиз йўналишлар сони камайди: Ўзбекистон 2030-йилгача 50 та давлат билан визасиз режим ўрната оладими?

Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда бирйўла 9 поғонага пастлаб, 82-ўринга тушди. Бу ўзгариш мамлакат фуқароларининг визасиз саёҳат имкониятлари ва Ўзбекистон паспортининг халқаро мавқеи ҳақидаги саволларни келтириб чиқарди. Шу сабабли Vaqt.uz Ўзбекистон паспорти рейтингда нега пастлагани ва сўнгги беш йилда қандай ўзгаришлар кузатилганини таҳлил қилди.

Визасиз йўналишлар сони камайди: Ўзбекистон 2030-йилгача 50 та давлат билан визасиз режим ўрната оладими?

«Henley Passport Index» мамлакат паспортларини улар орқали олдиндан виза расмийлаштирмасдан бориш мумкин бўлган давлат ва ҳудудлар сонига қараб баҳоловчи халқаро рейтинг ҳисобланади.

2026-йилнинг октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 57 та йўналишга олдиндан виза олмасдан сафар қилиши мумкин. 2025-йилда бу кўрсаткич 62 тани ташкил этган. Шундай қилиб, бир йил ичида ўзбекистонликлар учун очиқ йўналишлар сони бештага камайган, мамлакат паспорти эса халқаро рейтингда 82-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон паспортининш халқаро рейтингдаги ўрнини яхшироқ тушуниш учун нафақат жорий натижани, балки сўнгги йиллардаги ўзгаришларни ҳам кўриб чиқиш лозим.

Ўзбекистон паспорти сўнгги беш йилда қандай ўзгарди?

2021-йилда Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда 92-ўринни эгаллаган бўлса, 2025-йилда 80-ўринга кўтарилди. Аммо бу ўсиш 2026-йилда давом этмади. Октябр ойидаги натижаларга кўра, Ўзбекистон 82-ўринга тушди. Апрел ойида 73-ўринда бўлган мамлакат паспорти эса бир неча ой ичида 9 поғона пастлади.

1792809458998

Визасиз бориш мумкин бўлган давлат ва ҳудудлар сонида ҳам ўзгариш бор. 2024–2025-йилларда ўзбекистонликлар 62 та йўналишга визасиз сафар қилиши мумкин эди. 2026-йилнинг октябрида эса бу кўрсаткич 57 тага тушди. Яъни, бир йил ичида бешта йўналиш бўйича имконият қисқарди. Таққослаш учун, 2021-йилда ҳам бу кўрсаткич 56 тани ташкил этган.

Шундай қилиб, сўнгги йиллардаги ўсиш ортидан пасайиш кузатилди. Ўзбекистон паспортининг рейтингдаги ўрни ҳам, визасиз сафар қилиш имкониятлари ҳам аввалги натижаларга қараганда камайди. Бунга айнан қайси омиллар таъсир қилганини таҳлил қилиш учун визасиз кириш тартибидаги ўзгаришлар ва бошқа мамлакатлар паспортларининг рейтингдаги натижаларини ҳам кўриб чиқиш лозим.

Ўзбекистон паспортининг рейтинги нега пасайди?

Сўнгги беш йилда бир қатор давлатлар Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз ёки соддалаштирилган кириш тартибини қайта кўриб чиқди. Жумладан, Эквадор, Черногория ва Таиландда виза талаблари ўзгарди, бу эса ўзбекистонликларнинг айрим йўналишларга сафар қилиш имкониятларини чеклади.

Масалан, Эквадор 2025-йил 1-сентябрдан Ўзбекистон билан бирга 45 та давлат фуқаролари учун транзит визасини жорий қилди. Рўйхатга Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Ҳиндистон, Хитой ва Покистон ҳам киритилди. Бу қарор АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринаётган мигрантлар оқимини чеклаш чоралари билан боғлиқ. Эквадор ҳудудидан транзит йўли сифатида фойдаланиш хавфи сабабли ушбу давлатлар фуқаролари учун виза талаби кучайтирилди.

Яна бир мисол — Черногория. Мамлакат 2025-йилнинг октябрида Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз кириш тартибини бекор қилди.

Шу билан бирга, Қувайт фуқаролари учун ҳам визасиз режим тўхтатилди. Черногория ҳукумати бу қарорларни Европа Иттифоқининг виза сиёсатига мослашиш ва мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиш жараёнидаги мажбуриятлари билан изоҳлади.

2026-йил 15-сентябрдан Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун 60 кунлик визасиз кириш ва келганда виза олиш имкониятини бекор қилди. Энди ўзбекистонликлар сафардан олдин виза расмийлаштириши керак.

Расмийлар визасиз режимдан фойдаланиб, ноқонуний ишлаш, рухсатсиз бизнес юритиш ва фирибгарлик билан боғлиқ фаолиятга аралашиш ҳолатлари кўпайганини қайд этган. Шу сабабли мамлакатга кириш тартибини қатъийлаштириш ва хорижликлар устидан назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Янги тартиб жами 93 та давлат фуқароларига ҳам таъсир қилди, бироқ айрим мамлакатлар, жумладан, Қозоғистон фуқаролари учун визасиз кириш имконияти сақланиб қолди.

Шунингдек, Миср ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун кириш талабларини кучайтирмоқда. 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб ўзбекистонлик сайёҳлар сафар олдидан виза расмийлаштириши ва белгиланган қўшимча талабларни бажариши керак бўлади. Шу тариқа, Миср ҳам визасиз ёки соддалаштирилган сафар тартиби ўзгараётган давлатлар қаторига қўшилмоқда.

Рейтинг фақат визасиз йўналишлар сонига боғлиқми?

Йўқ. «Henley Passport Index» мамлакат паспортларини олдиндан виза олмасдан бориш мумкин бўлган йўналишлар сонига қараб баҳолайди. Бунда визасиз кириш, келгач виза олиш ва олдиндан ҳукумат тасдиғини талаб қилмайдиган электрон кириш рухсатномалари ҳам ҳисобга олинади. Олдиндан тасдиқланиши шарт бўлган электрон визалар эса бу имтиёзга кирмайди.

Рейтингдаги ўрин фақат муайян мамлакатнинг виза сиёсатига эмас, бошқа давлатлар натижаларига ҳам боғлиқ. Масалан, бошқа мамлакатлар янги визасиз келишувларга эришса ёки фуқаролари учун очиқ йўналишлар сонини кўпайтирса, Ўзбекистоннинг кўрсаткичи ўзгармаган тақдирда ҳам унинг рейтингдаги ўрни пасайиши мумкин. Чунки бу рейтингда мамлакатлар бир-бирига нисбатан баҳоланади.

Шу боис Ўзбекистон паспортининг халқаро рейтингдаги ўзгаришини таҳлил қилишда нафақат виза тартибидаги чекловларни, балки бошқа мамлакатларнинг сафар имкониятлари ва рейтингдаги натижаларини ҳам ҳисобга олиш керак.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Марказий Осиё давлатлари паспортларини таққослаганда, Қозоғистон энг юқори натижани қайд этган. «Henley Passport Index»нинг 2026-йил октябр ойидаги маълумотларига кўра, мамлакат 66-ўринни эгаллаган. Қозоғистон фуқаролари 77 та йўналишга олдиндан виза олмасдан бориши мумкин.

Қирғиз Республикаси 78-ўринда бўлиб, 63 та йўналишга, Ўзбекистон эса 82-ўринда туриб, 57 та йўналишга олдиндан виза олмасдан сафар қилиш имкониятига эга. Демак, Ўзбекистон фуқаролари учун очиқ йўналишлар сони Қозоғистонга нисбатан 20 та, Қирғиз Республикасига нисбатан эса 6 та кам.

Минтақанинг бошқа давлатлари рейтингда Ўзбекистондан пастроқда жойлашган. Тожикистон 86-ўринда бўлиб, фуқаролари 53 та йўналишга, Туркманистон 93-ўринда бўлиб, 44 та йўналишга олдиндан виза олмасдан бориши мумкин. 

Афғонистон эса 106-ўринни эгаллаган. Унинг фуқаролари учун бундай йўналишлар сони 22 тани ташкил этади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан ортда, аммо Тожикистон ва Туркманистондан юқорида турибди. Бу натижалар минтақа давлатлари фуқароларининг визасиз сафар қилиш имкониятлари бир хил эмаслигини кўрсатади.

2030-йилгача 110 та давлатга бориш имконияти яратилади

Ўзбекистон 2030-йилгача фуқаролари учун визасиз ва соддалаштирилган тартибда бориш мумкин бўлган давлатлар сонини оширмоқчи. Бироқ амалдаги вазият умуман бошқа. Яъни, Ўзбекистон янги йўналишлар очишни режалаштираётган бир пайтда, айрим давлатларга аввалгидек визасиз бориш имконияти қисқармоқда.

2026-йилнинг февралида янгиланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига кўра, 2030-йилгача визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар сони 50 тага, соддалаштирилган тартибда кириш мумкин бўлган давлатлар сони эса 60 тага етказилиши керак. Бу вазифалар ижроси учун Ташқи ишлар вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Аммо мақсадга эришиш учун янги келишувлар тузишнинг ўзи етарли эмас. «Henley Passport Index» маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз бориш мумкин бўлган йўналишлар сони бир йил ичида 5 тага камайди. Таиланд, Черногория ва Эквадорда визасиз кириш тартибининг чекланиши ўзбекистонликлар учун аввал очиқ бўлган йўналишлар қисқаришига олиб келди.

2030-йилги мақсадга эришиш учун Ўзбекистон янги давлатлар билан музокараларни фаоллаштириши билан бирга, амалдаги визасиз тартиблар нега бекор қилинаётганини ҳам жиддий кўриб чиқиши керак. Фуқаролар учун янги йўналишлар очиш қанчалик муҳим бўлса, мавжуд имкониятларни сақлаб қолиш ҳам шунчалик зарур. Акс ҳолда, бир томондан эришилган келишувлар иккинчи томондан йўқотилган имкониятларнинг ўрнини тўлдиришга сарфланади ва белгиланган мақсадга етиш янада қийинлашади.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг июлида эълон қилинган «Global Passport Index» рейтингида Ўзбекистон паспорти 123-ўринни эгаллаганди. «Henley Passport Index»дан фарқли равишда, ушбу рейтинг фақат визасиз сафар имкониятларини эмас, балки инвестиция жозибадорлиги ва ҳаёт сифатини ҳам ҳисобга олади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 107-ўрин, Қирғизистон 127-ўрин, Тожикистон 140-ўрин ва Туркманистон 144-ўринни қайд этган.

Теглар

null null

Zilola Xolto'rayevaМақолалар сони: 48

Барчаси

Мавзуга оид