Logo

«Wildberries»ни Қозоғистон қутқариб қола оладими?

Бугун 09:006 дақиқа

Компания Қозоғистондаги «барча бўш майдонларни сотиб олишга» ҳам тайёр экани айтилмоқда.

«Wildberries»ни Қозоғистон қутқариб қола оладими?

Украинанинг Россиядаги асосий маркетплейсга қарши бошлаган ҳужумлари «Wildberries» компаниясининг камида 17 фоиз қувватини йўқотишига олиб келди — жами 19 та омбор зарбага учради. Сўнгги нишон Санкт-Петербург яқинидаги Красний Борда жойлашган объект бўлди: 4 августга ўтар кечаси берилган зарба оқибатида йирик ёнғин келиб чиққан, аммо қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Бундан аввалроқ Владимир областининг Хрястово қишлоғи яқинида жойлашган «Wildberries» омбори ҳам дрон ҳужумига учраган эди. Ёнғин 100 минг квадрат метр майдонни — тахминан 14 та футбол майдонига тенг ҳудудни қамраб олди. Област губернатори Александр Авдеевнинг маълум қилишича, ёнғинни ўчиришга 67 та техника жалб қилинган. Оқибатда уч киши жабрланган.

РБК нашрининг ёзишича, бу ҳужумлар бутун Россия логистика бозорида кутилганидек ваҳима уйғотди. Сотувчилар оммавий чегирмалар эълон қилмоқда ёки шошилинч равишда товарларни ўзларида сақлашга ўтмоқда. Бу ҳолат етказиб бериш нархининг ошишига олиб келади, аммо навбатдаги дрон ҳужуми вақтида товарларнинг ёниб кетмаслигини кафолатлайди.

1

«Коммерсант» газетаси манбаларининг таъкидлашича, вазият шу даражага етганки, мулкдорлар ўз омборларини «Wildberries»га ижарага беришдан бош тортмоқда. Сабаби — амалдаги суғурта шартномалари ҳарбий ҳаракатлар, хусусан, дрон зарбаларидан кўрилган зарарни умуман қопламайди. Шу боис, кейинчалик товон пули билан боғлиқ муаммоларга ўралашиб юргандан кўра, маркетплейс билан умуман ҳамкорлик қилмаган маъқул, деган хулосага келинмоқда.

Шундай бир шароитда Россия ОАВлари «Wildberries» эгаси бўлган RWB гуруҳи Қозоғистондан тахминан 100 минг квадрат метрлик омборхоналар қидираётгани ҳақида хабар берди. Айтилишича, компания Россиядаги объектларидан ўз қувватларининг катта қисмини кўчириш мақсадида Қозоғистондаги «барча бўш майдонларни сотиб олишга» ҳам тайёр.

Хўш, Қозоғистон Россиянинг энг йирик маркетплейси учун чиндан ҳам захира маконига айлана оладими ёки «Wildberries» бошқа йўл қидиришга мажбур бўладими?

Омборларни кўчириш қанчалик ҳақиқат?

Қозоғистон савдо вазири Арман Шаккалиевнинг 4 август куни тасдиқлашича, Россия компанияси аллақачон республика ҳудудида 260 минг квадрат метрлик омборлар қурмоқда ва уларни 2027 йилнинг биринчи чорагидаёқ ишга туширишни режалаштирган.

Ушбу мажмуаларнинг 160 минг квадрат метри Олмаотада, яна 100 минги эса Остонада қад ростлайди. Бундан ташқари, компания Қозоғистонда тахминан 46 минг квадрат метр майдонни ижарага олишга ҳам улгурган. Вазирнинг аниқлик киритишича, компания бу лойиҳалар устида анчадан бери ишлаб келмоқда ва мазкур кенгайиш жараёни Россиядаги омборларга берилаётган ҳозирги зарбалар билан боғлиқ эмас.

2

«Wildberries» компаниясининг ўзи қувватларини хорижга кўчириш режаларини ҳали расман тасдиқлагани йўқ. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса 4 август куни Москва ва Остона маркетплейсларни интеграция қилиш бўйича иш олиб бораётганини маълум қилди. Вазирлик бу жараён Украина дронларининг зарбаларидан анча олдин бошланганини таъкидламоқда.

Қозоғистон Интернет ассоциацияси президенти Шавкат Собировнинг фикрича, омборхоналар тармоғини республикага тўлиқ кўчириш эҳтимоли ҳозирча ҳақиқатдан йироқдек кўринмоқда.

«Агар Қозоғистонда шундай объект пайдо бўлса ҳам, у фақатгина транзит ва юк ортиш-тушириш пункти вазифасини бажариши мумкин, лекин ҳеч қачон Россиядаги омборларнинг ўрнини боса олмайди», — дейди эксперт «TRT» нашрига берган интервюсида.

Остона ва Олмаотада қурилиши эълон қилинган 260 минг квадрат метрлик омборлар Россиядаги зарар кўрган майдонларнинг ҳатто 20 фоизини ҳам қоплай олмайди. «Forbes» нашрининг маълумотларига кўра, август ойи бошида «Wildberries»нинг расман эълон қилинган 5,2 миллион квадрат метрлик инфратузилмасидан 1,1 миллион квадрат метрдан ортиғи зарар кўрган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шибутов бундай кўчиришнинг имкони бор, бироқ буни тезкорлик билан амалга ошириб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

«Бизда омборлар тақчиллиги мавжуд, шунинг учун келиб, дарҳол катта объектни ижарага олишнинг иложи йўқ. Уни, катта эҳтимол билан, нолдан қуришга тўғри келади. Бу эса серхаражат ва кўп вақт талаб қиладиган жараёндир», — дейди эксперт.

Қозоғистонда бўш тижорат кўчмас мулки жуда кам, дея таъкидлайди Шибутов. 2025 йил охирига келиб, мамлакатда 1,9 миллион квадрат метрга яқин сифатли логистика майдонлари мавжуд бўлган ва уларнинг атиги 5,8 фоизи бўш турган. 100 минг квадрат метрлик тайёр блокни топишнинг эса деярли иложи йўқ. Замонавий логистика объектларининг аксарияти Олмаота, Остона, Чимкент ва Қарағанда атрофида жойлашган бўлиб, бевосита Россия чегараси яқинида бунга мос келадиган инфратузилма умуман йўқ.

Товарлар қимматлашиши мумкин

Шавкат Собировнинг фикрича, Қозоғистон маркетплейслар учун йирик транспорт тугунига айланиши даргумон.

«Россия ҳудудининг миқёси ва юк ташиш ҳажмларини тасаввур қилиб кўринг. Қозоғистонда шунчалик катта хаб қуриш учун ақл бовар қилмас даражада улкан омборхоналар мажмуаси керак бўлади. Мен бунга ҳеч қандай зарурат кўрмаяпман», — дея таъкидлайди эксперт.

Бунинг устига, россиялик харидорларга хизмат кўрсатиш учун Қозоғистон географик жиҳатдан ноқулай жойлашган. Товарларни республика омборларига кўчириш Москва, Санкт-Петербург ва Россиянинг Европа қисмидаги бошқа йирик бозорларгача бўлган масофани кескин узайтиради.

Новосибирск бошқарув ва ҳуқуқ университетининг молиявий бозор ва молия институтлари кафедраси доценти Эдуард Коложварининг ҳисоб-китобларига кўра, бунинг оқибатида товарлар камида 20 фоизга қимматлашади. Ортиқча харажатларни эса ё компаниянинг ўзи кўтаришига, ёки сотувчи ва харидорларнинг зиммасига юклашга тўғри келади.

3

Шу боис, Қозоғистон Россиядаги тармоқнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди, балки унинг суғурталовчи ҳалқасига айланиши мумкин. Бу орқали компания товарларнинг бир қисмини қўшни давлатда сақлаши, Марказий Осиёга хизмат кўрсатиши ва айрим товар оқимларини қайта тақсимлаши мумкин бўлади. Бундай вариант одатий логистикадан кўра қимматроққа тушса-да, бутунлай кўчиб ўтишдан кўра реалроқ кўринади.

Қозоғистон бундан нима ютади?

Марат Шибутов бу жараённинг республика учун тўғридан-тўғри манфаатли эканини таъкидлаган: янги омборлар қўшимча солиқ тушумлари, янги иш ўринлари деганидир. Шунингдек, бу йўллар, транспорт ва тижорат кўчмас мулкига йирик инвестициялар олиб келади. Ўз навбатида, маҳаллий сотувчилар ҳам «Wildberries» инфратузилмасига тезроқ кириш ва қўшни давлатлар бозорларига чиқиш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.

Сиёсатшунос Талгат Калиев ҳам «TRT» нашри билан суҳбатда бундай кўчишни манфаатли қадам деб атаган. Унинг сўзларига кўра, мазкур жараён мамлакатнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлайди, бюджетга тушадиган солиқларни кўпайтиради ва логистика соҳаси ривожини жадаллаштиради.

Калиев бунда маҳаллий платформалар учун ҳеч қандай жиддий хавф кўрмаган.

«Бизда «Wildberries» даражасидаги йирик миллий маркетплейслар йўқ. Қозоғистонликлар барибир айнан шу хизматдан ва AliExpress'дан буюртма беришади», — дейди эксперт.

4

«Wildberries» бутунлай ёпилиб кетиши мумкинми?

«Forbes» нашрининг ёзишича, ишдан чиққан ҳар бир омбор маркетплейснинг бошқа объектларига тушадиган юкни оширади ва бутун етказиб бериш занжирини секинлаштиради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ёниб кетган товар захиралари компанияга 215–280 миллиард рубл (тахминан 3,5 миллиард доллар) зарар келтирган.

Бироқ экспертлар ҳозирча компания тўлиқ инқирозга юз тутади, деб ҳисобламаяпти. 2025 йилда маркетплейснинг соф фойдаси 175 миллиард рублга (2,1 миллиард доллар) етган бўлиб, бу Россия ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 2 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Россиядаги барча онлайн буюртмаларнинг тенг ярмидан кўпи айнан шу платформа орқали амалга оширилади.

«Reuters» агентлигининг ёзишича, Россия ҳукумати ВТБ ва «Сбербанк» орқали компанияга молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. Хусусан, май ойида давлатга қарашли ВТБ банки мазкур гуруҳнинг банк соҳасидаги шўъбаси — «WB Банк»нинг 5 фоиз улушини сотиб олди (келажакда бу улушни янада ошириш имконияти билан). Нашрнинг қайд этишича, давлатнинг йирик сармояси аллақачон компания тузилмасига кириб борган ва энди ҳукумат унинг қулашига йўл қўймасликдан тўғридан-тўғри манфаатдор.

5

Аммо компаниянинг жон сақлаб қолиши унинг фаолияти аввалгидек давом этади, дегани эмас. «Wildberries»нинг бутун иқтисодиёти йигирмага яқин улкан логистика марказларига, шунингдек, товарларни сотувчининг ўзи эмас, балки маркетплейс сақлайдиган ва етказиб берадиган моделга асосланган эди. Айнан шу тизим, яъни мамлакатнинг исталган ҳудудига товарни тезкор етказиб бериш компанияни Россия ва Хитойдаги бошқа рақобатчиларидан ажратиб турувчи асосий устунлик бўлган.

Ҳозирча Қозоғистон «Wildberries» учун янги «уй» эмас, балки омбор қувватларининг бир қисмини кўчириш мумкин бўлган захира макони бўлиб кўринмоқда. Бироқ, агар Украина маркетплейс объектларига зарба беришда давом этаверса, компания ҳеч бўлмаганда бизнеснинг маълум қисмини сақлаб қолиш учун товарларни шошилинч равишда қўшни республикага ўтказишга мажбур бўлади. Бунинг учун ҳатто ўзининг жорий бизнес-моделидан воз кечишга тўғри келса ҳам.

Теглар

Мавзуга оид