
Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони ўтган йилга нисбатан 512 минг нафарга ошди
2025 йилнинг учинчи чораги бўйича хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 1,86 млн нафарни ташкил этгани маълум қилинди.

2025 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 4,9 фоизга пасайиб, 2024 йилга нисбатан 0,8 фоиз пунктга камайди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон аҳолиси сони 37,8 миллион нафарни ташкил этди. Улардан 20,35 миллион киши меҳнат ресурсларига киради, бу ўтган йилга нисбатан 1,9 фоизга ёки 387,3 минг кишига кўп.
Иқтисодий фаол аҳоли 15,57 миллион нафар бўлиб, шуларнинг 14,81 миллион нафари банд аҳоли ҳисобланади. Бу кўрсаткич 4,1 фоизга ошган, яъни 579,6 минг киши янги иш ўрнига эга бўлган.
Бандлик тузилишида ҳам жиддий ўзгариш кузатилди: расмий секторда ишлаётганлар сони 8,58 миллион нафарга етди ва 17 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, норасмий секторда меҳнат қилаётганлар 26,9 фоизга камайган. Чет элда меҳнат қилаётган фуқаролар сони эса 1,86 миллион нафарга етди.
2025 йил давомида 4,45 миллион нафар фуқаро даромадли меҳнат билан таъминланди. Улардан 1,29 миллиони қишлоқ хўжалигида, 2,74 миллиони хизмат кўрсатиш соҳасида, 172 минг нафари қурилишда, 256 мингга яқини эса инвестиция лойиҳалари орқали иш билан таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳудудларда 47,3 мингга яқин янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиши натижасида 97,4 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани ҳақида хабар берилганди.





