add

Хусусий клиникадан жасади чиққан йигит, «Яндекс»га бойкот, боғ учун 82 млн сўмлик жарима — ҳафта дайжести

Бугун 17:552196 дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда юз берган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Ҳафта ичида бурнини операция қилиш учун хусусий клиникига кириб, тирик чиқмаган йигит воқеаси шов шувларга сабаб бўлди. Содир бўлган аянчли воқеа сўнгги йилларда нафас йўлларини кенгайтириш ёки эстетик жарроҳлик амалиётларида хавфсизлик масалалари етарлича назорат қилинмаётганидан далолат беради.

Шу ва ҳафтанинг бошқа энг муҳим воқеалари — бугун ҳафталик дайжестимизда.

  • «Яндекс» такчисиларининг иш ташлаши

  • Ташландиқ ерни боғ қилиб, жаримага тортилган фуқаро

  • Электрон рецептга ўтган дорихоналар

Тошкентда эркак операция чоғида вафот этди

Тошкентда 31 ёшли йигитнинг бурун операциясидан тирик чиқмагани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У нафас олишдаги муаммолар сабаб Олмазор туманидаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётини режалаштирган. Текширувлардан ўтгач операцияга рухсат берилган, бироқ бемор операция вақтида вафот этган. Дастлабки маълумотларда ўлимга анафилактик шок сабаб бўлгани айтилмоқда, марҳумнинг яқинлари эса наркоз меъёридан ортиқ берилган, деган гумонда.

Операция «Ибатов» клиникасида амалга оширилган. Марҳумнинг қариндошлари клиника нафақат воқеа юзасидан изоҳ бермаганини, балки таъзия ҳам билдирмаганини танқид қилди. Айни пайтда Олмазор тумани прокуратураси воқеа юзасидан тергов ишлари олиб бормоқда.

Ибатовдан 12 ноябр куни юз берган воқеа тафсилотлари ҳақида сўралганда, у шу кун клиникада бўлмагани, ҳолатни эшитгач, тезда шифохонага етиб келгани ва пациентнинг яқинларига ўлим ҳақида хабар берилганини маълум қилган.

Қайд этиш керак, ушбу клиникида бурнини операция қилиб, мажруҳ бўлиб қолган икки қизнинг яқинларининг эътирози ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ташландиқ ерни боғ қилган фуқарога жарима

Сўнгги кунларда экологик вазият, ҳавонинг ифлосланиши муҳокама қилинаётган бир вақтда ўз ҳисобидан ташландиқ ерда боғ барпо этган фуқаронинг жаримага тортилгани кенг эътирозларга сабаб бўлди.

Яшнобод туманида икки йил давомида ташландиқ ерда ўз ҳисобидан боғ барпо этган Арсен Аванесян 82,4 млн сўм жаримага тортилди.

Аванесян 2022 йилдан бери темирйўл ёқасидаги бўш майдонни тозалаб, минглаб кўчат экиб, йўлкалар, ўриндиқлар, ёритиш тизими, видеокузатув ва суғориш коммуникацияларини ўрнатган. Жараёнларга 300 га яқин маҳалла аҳолиси ҳам кўнгилли тарзда ёрдам берган, сарфланган умумий маблағ эса 1 млрд сўмдан ошган.

Бироқ масъул идоралар бу фаолиятни ер қонунчилигини бузиш деб баҳолади. Текширувдан сўнг ташаббускорга 82,4 млн сўм жарима қўлланди ва ҳудудни «аввалги ҳолати»га — яъни, бўш ва қаровсиз ер кўринишига қайтариш талаб қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси муносабат билдирди.

Қўмитага кўра, чиқиндихона ўрнида боғ барпо этиш фуқаро ташаббуси билан бошланиб, 300 га яқин аҳоли ҳашарда иштирок этган. Ташкилот бу ҳудуд ҳозир тўлақонли яшил масканга айланганини  ва бундай экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришини маълум қилди.

Ҳаммаси яхши. Экология қўмитаси ҳам ташаббускор инсон тарафга туриб берди. Бироқ, унга солинган 82 млн сўмлик жарима бекор қилиндими йўқми, ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда. Суд жаримани бекор қилиш учун Экология қўмитасининг қўлловини инобатга олармикин?

«Humans» атрофидаги можаро

Сўнгги кунларда «Humans» билан боғлиқ воқеалар финтех бозорининг энг муҳокама қилинаётган мавзуларидан бирига айланди. 4–8 декабр кунлари кўплаб фойдаланувчилар карталаридан уларнинг рухсатисиз 1 миллиондан 30 миллион сўмгача маблағлар ечиб олингани ҳақида хабар берилди. Ҳолатдан жабр кўрган юзлаб ўзбекистонликлар Telegram гуруҳ очиб, жамоавий мурожаат тайёрлашни бошлади.

Марказий банк изоҳига кўра, «Humans» иловасидаги «Paylov» орқали пул ўтказмалари техник носозликлар сабаб вақтинча тўхтатилган. Томонлар бир-бирини айбламоқда: «Humans» муаммони «Paylov»дан кўрса, «Paylov» бу айбловни рад этди.

Шу билан бирга, ҳужжатлар орқали компания «Humans» аллақачон — 14 октябрда иқтисодий суд томонидан банкрот деб топилгани ҳам маълум бўлди. Қарздорликлар ва чекловлар ортидан компаниянинг молиявий инқирози чуқурлашгани айтилади.

Натижада, финтех бозорининг фаол ўйинчиси бўлган «Humans» бир неча ой ичида фирибгарликлар, техник носозликлар ва банкротлик хабарлари билан кун тартибига чиқди.

«Яндех»га бойкот: ҳайдовчилар норозилиги кучаймоқда

Сўнгги кунларда Россия ва Ўзбекистондаги ҳайдовчилар орасида 15 декабрь куни «Yandex» таксига бойкот эълон қилиш чақириқлари акс этган видео тарқалди. Асосий норозилик — тарифлар пастлиги, комиссия юқорилиги ва харажатларнинг ошганига қарамай даромаднинг камайиши.

Россияда бошланган ҳаракат Ўзбекистонда ҳам қўллаб-қувватланди. Ҳайдовчилар сўнгги пайтларда 18,8 фоизлик комиссия, тариф сиёсати ва солиқдаги ноаниқликлардан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, бу масалада аниқ жавоб берадиган томон йўқ: Yandex ҳам, солиқ органлари ҳам бир-бирига ишора қилаётгани учун ҳайдовчилар муаммонинг асл сабабини билолмаяпти.

Блогерлар ҳайдовчиларни бир кун давомида Yandex ўрнига бошқа хизматларда ишлашга чақирмоқда. Айримлар эса бойкотнинг таъсири чекланган бўлиши мумкинлигини, барча ҳайдовчилар бир вақтнинг ўзида ишга чиқмай қолмаслигини айтмоқда.

Бойкотнинг яна бир томони — тариф оширилса, бу йўловчилар учун ҳам қимматлашувни англатади. Бозор энди ҳайдовчи манфаатлари ва истеъмолчи қулайлиги ўртасида мувозанат топиши керак бўлади.

15 декабрга режалаштирилган бойкот — сўнгги йилларда тўпланиб келган комиссия, тариф, солиқ ва шаффофлик масалалари бўйича норозиликнинг энг ёрқин кўриниши бўлиб турибди. Ўзгаришлар бўладими-йўқми — вақт кўрсатади.

Туризм қўмитаси мулозими 15 йилга қамалган — манба

Сўнгги кунларда давлат хизматидаги хавфсизлик ва ошкоралик масалалари яна кун тартибига чиқди. Собиқ Экология вазирлиги ҳузуридаги қўмита офис-менежери «давлатга хоинлик қилиш»да айбдор деб топилиб, Ҳарбий суд томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилингани маълум бўлди.

Ходим 2025 йил 1 февралдан бошқарма бошлиғи сифатида иш бошлаши кутилган. Бироқ 2025 йил 24 январ куни ДХХ томонидан Жиноят кодексининг 157-моддаси бўйича ҳибсга олинган.

Суд жараёнида айблов томони ходимни маълумотларни ОАВга сиздирганлик айблаган. Бироқ ҳимоя томони тақдим этилган материалларда давлат сирига оид манба, қабул қилувчи шахс ёки ҳужжат ҳақиқийлигини тасдиқловчи далил йўқлигини таъкидлаган. Шунингдек, ходимнинг бундай ҳужжатлар билан ишлаш ҳуқуқи бўлмагани қайд этилган.

Биринчи инстанциядаги суд қароридан норози томонлар апелляция ва кейинчалик кассация шикояти киритган. Ҳозирда иш Ҳарбий суднинг кассация ҳайъатида ўрганилмоқда.

Дорихоналарда электрон рецептга ўтмоқда

Ўзбекистонда 10 декабрдан бошлаб дорихоналар учун «Электрон рецепт» тизимига уланиш лицензия олиш ва уни сақлаб қолишнинг мажбурий шарти сифатида жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов тартиби жорий этилган 15 та туман ва шаҳардаги барча дорихоналар электрон рецепт модули орқали маълумот алмашинувини реал вақт режимида таъминлаши шарт. 2026 йил якунига қадар эса республика бўйлаб барча дорихоналар ушбу тизимга тўлиқ уланиши мажбурий бўлади.

Янги тартибнинг асосий мақсади рецепт асосида берилиши шарт бўлган дори воситаларини назоратсиз ва қонунбузилиш ҳолатларида сотилишини кескин қисқартиришга қаратилган. Амалдаги қонунчиликка кўра, рецептсиз сотилиши тақиқланган дори воситаларини қоидаларга зид равишда реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Электрон рецепт тизимига кўра, шифокор томонидан тайинланган айрим дори воситаларини харид қилиш учун бемор дорихонага электрон шаклда расмийлаштирилган рецепт билан мурожаат қилиши лозим бўлади. Бу тизим орқали шифокор тайинлови, дорихонада дори берилиши ва беморнинг қабул қилиши ўзаро боғланган ягона рақамли занжирга айланади.

Бироқ, ижтимоий тармоқ фаоллари пойтахтда электрон рецепт бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётгани, «парацетамол» каби оддий дорилар ҳам рецептсиз берилмаётганини айтиб, тизим таркибидаги дори-дармонларни қайта кўриб чиқиш кераклигини билдиришган.

 

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 9

Барчаси

Мавзуга оид