add

«Yangi bank» омонатчиларининг 200 млн сўмгача маблағлари тўлиқ қайтарилиши айтилмоқда

Бугун 17:002 дақиқа

Омонатларни кафолатлаш агентлиги омонатчилар маблағларини тўлиқ ҳимоя қилишини маълум қилди.

«Yangi bank» омонатчиларининг 200 млн сўмгача маблағлари тўлиқ қайтарилиши айтилмоқда

«Yangi bank» фаолияти тугатилиши муносабати билан жисмоний шахслар ва тадбиркорларнинг 200 миллион сўмгача бўлган омонатлари давлат томонидан тўлиқ қайтариб берилади. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлиги матбуот хизмати расман маълум қилди.

Тўловлар белгиланган тартиб ва муддатларда, тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши таъкидланди.

Маълум қилинишича, компенсация тўловлари учун зарур бўлган молиявий ресурслар аллақачон шакллантирилган. Ҳозирда барча ташкилий, техник ва молиявий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Агентликка кўра, барча жараёнлар ваколатли давлат органларининг доимий назорати остида бўлади ва омонатчилар учун асоссиз хавотирга ўрин йўқ.

ОКА фуқароларни фақат расмий ахборот манбаларига таянишга чақирди. Компенсация тўловларига оид қўшимча маълумотлар Марказий банк ҳамда агентликнинг расмий сайтлари ва ижтимоий тармоқлари орқали эълон қилиб борилади.

Шу билан бирга, «Yangi bank» матбуот хизмати фирибгарлар фаоллашгани ҳақида огоҳлантирди. Банк маълумотига кўра, айрим шахслар мижозларга шахсий хабарлар орқали «омонатларни қайтариб беришда ёрдам» таклиф қилмоқда. Банк ва агентлик бундай таклифлар ёлғон эканини, паспорт маълумотлари, шартнома рақамлари, СМС-кодлар ҳамда карта реквизитларини ҳеч кимга бермаслик кераклигини қатъий уқтирди.

Омонатлар масаласида ягона расмий мурожаат манзили Омонатларни кафолатлаш агентлиги экани қайд этилди. Шунингдек, омонатларни қайтаришнинг расмий тартиби уч кун ичида эълон қилиниши, шу вақтга қадар мижозлардан ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштириш талаб этилмаслиги билдирилди.

Аввалроқ Марказий банк қарори билан «Yangi bank» лицензияси устав капитали минимал талабга етказилмагани ва молиявий қоидабузарликлар сабаб чақириб олинган эди.

Теглар

Мавзуга оид